Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

14 та газ таъминоти объекти хусусий операторга топширилади: Улар орасида “Самарқандтумангаз” ҳам бор

“Газ тақсимлаш тармоқларини ишлатиш ва табиий газ сотиш вазифаларини амалга ошириш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторларга ишончли бошқаришга топшириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун хусусий операторларга ишончли бошқаришга топшириладиган туман (шаҳар) газ таъминоти бўлимларига ёки улар участкаларига бириктирилган газ таъминоти объектлари рўйхати, газ тақсимлаш тармоқларини ишлатиш ва табиий газ сотиш вазифаларини амалга ошириш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторларга ишончли бошқаришга топшириш тартиби ҳақидаги низом ва газ тақсимлаш тармоқларини ишлатиш ва табиий газни истеъмолчиларга сотиш вазифаларини бажариш учун газ таъминоти объектларини ишлатиш ва жорий техник хизмат кўрсатиш вазифаси топширилаётган хусусий операторларни танлаш бўйича танлов комиссияси таркиби тасдиқланади.

Хусусий операторларни танлаб олиш бўйича танлов комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун хусусий операторларга ишончли бошқаришга топшириладиган туман (шаҳар) газ таъминоти бўлимларига ёки улар участкаларига бириктирилган газ таъминоти объектларини тасдиқланган рўйхатга мувофиқ белгилаш;

танлов ўтказиш мақсадида хусусий операторларга сотилган табиий газ қиймати 10 фоизидан ортиқ бўлмаган воситачилик мукофоти бошланғич миқдорини белгилаш.