20 миллиарддан кўпроқ моддий ёрдам пули кимларга ва қай тартибда берилади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида жорий йилнинг сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган оилаларнинг вояга етмаган болаларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.
Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси олувчи оилаларнинг вояга етмаган болалари ҳамда ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар моддий қўллаб-қувватланиши қайд қилинган.
Шу асосда олиб борилган ҳисоб-китоблар бўйича вилоятимизда 40 минг 274 нафар вояга етмаган ёшларга 20 миллиард 137 миллион сўм моддий ёрдам маблағлари ажратилган.
Рўйхатга олинганларнинг 12 минг 124 нафарини 16 ёшга тўлмаган ногирон болалар ташкил қилса, 28 минг 150 нафари боқувчисини йўқотган ўғил-қизлардир.
Ҳозирги кунда ажратилган моддий ёрдам пуллари АТ “Халқ банки”нинг сайёр касса ходимлари томонидан уйма-уй тарқатилмоқда. Бугунга қадар 11 миллиард 342 миллион сўм маблағ тарқатиб берилди.
Маблағнинг тўлиқ тарқатилаётгани пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари масъул ходимлари томонидан кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
Абдурашид РАХИМОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.