2018 йилда Самарқанд вилоятида кўрилган маъмурий ишлар бўйича 19 миллиард 792,2 миллион сўм жарима жазоси тайинланди
Бугун - 29 январь куни Самарқанд вилоят "Матбуот уйи"да вилоятдаги суд идоралари томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда Самарқанд вилояти маъмурий суди раиси Ботирали Диёров оммавий ахборот воситалари ходимларига ўтган йилда амалга оширилган суд ишлари ҳақида атрофлича маълумотларни берди.
- Самарқанд вилоят, туман, шаҳар маъмурий судлари томонидан 2018 йил давомида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1 420 та маъмурий иш кўрилди, - деди Б.Диёров. - Шундан 1052 таси қаноатлантирилди, 215 таси рад қилинди, 95 таси иш юритишдан тугатилди, 58 та иш кўрмасдан қолдирилди. Шунингдек, сайёр суд мажлисида 313 та маъмурий иш кўрилди.
Афсуски, кўриб чиқилган маъмурий ишларнинг аксарияти, яъни 9 минг 226 таси бевосита аёллар фаолияти билан боғлиқ. 2 минг 511 тасини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 минг 379 нафарини тадбиркорлик фаолияти субъектлари, 101 нафарини вояга етмаганлар, 25 тасини чет давлат фуқаролари ташкил этади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси МЖтК 131-моддасида белгиланган, яъни транспорт воситаларини маст ҳолда бошқаришга оид жами 7 минг 662 маъмурий иш бўйича 7 минг 814 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 128/3-моддасида белгиланган, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборишига оид 1 минг 227 маъмурий иш бўйича 1 минг 227 нафар шахс жавобгарликка тортилди.
Самарқанд вилоят, туман маъмурий судлари томонидан 2018 йил давомида кўрилган маъмурий ишлари бўйича жами 19 миллиард 792 миллион 275,2 минг сўм жарима жазоси тайинланган.