2019 йил 1 мартдан мактабга ўқувчилар давлат хизматлари маркази орқали қабул қилинади
Фармонга кўра:
- 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги тузилади. Рейтинг якунлари оммавий ахборот воситаларида ва Давлат инспекциясининг веб-сайтида кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай жойлаштирилади;
- 2019 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга, уларнинг ушбу муассасалардаги фаолияти асосий иш жойи ҳисобланган тақдирда, пенсия тўлиқ миқдорда тўланади;
- 2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади;
- 2018 йил 1 октябрдан бошлаб умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашларини тугатилиб, муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган, юридик шахс мақомисиз умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгашлари ташкил этилади.
Мазкур ҳужжат билан Халқ таълими вазирлиги:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар муддатда Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли, минтақавий ва мақсадли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” ўз ичига олган Халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепциясини Вазирлар Маҳкамасига киритади;
- Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда етакчи лойиҳа институтларини жалб қилган ҳолда, умумтаълим муассасаларини қуришнинг халқаро тажрибасини ўрганиб, 2019 йил 1 январга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини киритади.
"Замонавий мактаб" Давлат дастурига кўра, келгусида экологик жиҳатдан тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида замонавий мактаблар қурилади.
Мактаблар, шу жумладан, ўқув синфлари янги қулай мебеллар, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, дарсликлар ва ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникаси, видеокузатув тизимлари билан жиҳозланади.