2020 йил аҳоли жон бошига тўғри келган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 8,9 миллион сўмни ташкил этди
Кейинги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида катта ўзгаришлар бўлди. Хусусан, янгича ёндашув асосида Самарқанд вилоятида пахта-тўқимачилик йўналишида 10 та, мева-сабзавотчилик бўйича 13 та ва бошқа йўналишларда 21 та кластерлар ташкил этилди.
Ушбу кластерларга 164,4 минг гектар ер майдони бириктириб берилди. Бунинг самараси сифатида 2020 йил аҳоли жон бошига тўғри келган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 8,9 миллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 2,7 миллион сўмга кўпайди. Яъни, 2020 йилда 33,6 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу ялпи худудий маҳсулотнинг 47 фоизини ташкил этди. Республика қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришида вилоят улуши 28 фоиздан ортиқ бўлди.
Ўтган вақт давомида вилоятда боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик йўналишларида юзлаб йирик лойиҳалар амалга оширилди. Биргина Жомбой туманидаги “SAG Аgro” МЧЖ томонидан 1,4 минг гектар майдонда интенсив ёнғоқзор ташкил этилди. Бугун бу ерда йилига 9 минг тонна ёнғоқ етиштирилмоқда.
“Pure milky products” фермер хўжалиги томонидан Оқдарё туманида 2430 бош, Жомбой туманида 2000 бош наслли чорва молларига эга чорвачилик комплекси ташкил этилди.
Оқдарё туманидаги «Zarafshon-lohmann-parranda» МЧЖ томонидан қуввати 550 минг бош паррандачилик хўжалиги ташкил этилиб, йилига 114 млн. дона тухум, 200 тонна гўшт, 3,5 млн. дона бир кунлик, 400 минг бош 90 кунлик жўжа етиштирилмоқда.