2021 йил Давлат дастури: тараққиёт йўлида навбатдаги комплекс чора-тадбирлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурини тасдиқлаш ҳақидаги фармонни имзолади.

Давлат дастури 274 банддан иборат бўлиб, биринчи – давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 20 та, иккинчи – суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича – 18 та, учинчи – иқтисодиёт йўналиши бўйича 113 та, тўртинчи – ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 93 та, бешинчи – ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши бўйича 30 та бандни ташкил этади.

Мазкур давлат дастури лойиҳаси жорий йилнинг 18–27 январь кунлари 2021.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz веб-порталлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Муҳокамалар доирасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда 700 га яқин материаллар эълон қилинди, телерадиоканалларда қарийб 400 та чиқиш ва эшиттиришлар эфирга узатилди.

Шу билан бирга, лойиҳа халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, унда белгиланаётган вазифаларнинг ҳудудларда самарали ижро этилиши бўйича халқ вакиллари олдида турган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Умумий ҳисобда Давлат дастури лойиҳасининг ҳаётийлигини таъминлашга қаратилган 4 мингга яқин таклифлар келиб тушди. Хусусан, давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 1 239 та, суд-ҳуқуқ йўналишида – 479 та, иқтисодиёт соҳасида – 901 та, ижтимоий соҳада – 1 018 та, ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишида– 146 та таклифлар билдирилди.

Кенг жамоатчилик ва экспертлар томонидан берилган таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, Давлат дастури лойиҳасига жами 50 га яқин концептуал ҳамда 100 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, фармон билан Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд. сўм, 2 600,4 млн. АҚШ доллари ва 57,5 млн. евро миқдоридаги маблағлар кўзда тутилмоқда.

Давлат дастурининг биринчи – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича кўзда тутилган энг муҳим чора-тадбирлар қаторида Президентнинг ҳужжатлари ва топшириқларини масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш бўйича Адлия вазирлиги ваколатларини кенгайтириш, Давлат раҳбарининг ҳужжатлари ва топшириқларини ўз муддатида бажармаслик ёки сифатсиз ижро этиш ҳолатлари бўйича мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, бундан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва натижаларини аҳолига етказиб боришга қаратилган “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” мавзусида кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб борилади.

Президентнинг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш мақсадида “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимлари ҳам жорий этилади.

Иккинчи – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўйича эса Давлат дастурида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тартибини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, юридик шахсларнинг молиявий жавобгарлиги институтини қайта кўриб чиқиш, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, жазони ижро этиш ва пробация хизматини янада такомиллаштириш каби муҳим чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланмоқда.

Давлат дастурининг учинчи устувор йўналиши – иқтисодиётни ривожлантириш бўйича белгиланаётган энг муҳим чоралар сифатида, биринчидан, мамлакатимиздаги ишсиз фуқароларга, ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган фуқароларга тегишли имкониятлар яратиш, хусусан, ер майдонларини ажратиш, иш фаолиятларини бошлашлари учун субсидиялар бериш кўзда тутилмоқда. Иккинчидан, энергетика бозорларини монополиядан чиқариш, табиий газ ва электр энергиясини бозор тамойилларига асосан сотишни жорий қилиш белгиланмоқда. Учинчидан, иқтисодиётдаги давлат иштирокини камайтириш, йирик корхоналар ва банкларни трансформация қилиш, уларни стратегик инвесторга сотиш каби кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган муаммолар ечимига қаратилган вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Шунингдек, Давлат дастурида 2021 йилга берилган номдан келиб чиқиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлиги таъминланиши, тадбиркорлигини рағбатлантириш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Бу жиҳатлар, айниқса, Давлат дастурининг тўртинчи – ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида аниқ намоён бўлмоқда.

Хусусан, жорий йилдаги Давлат дастурида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади. Олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, Давлат дастурида олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сонини 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сонини 2 бараварга ошириш кўзда тутилмоқда, шунингдек, ёшларимизнинг тенг ҳуқуқли таълим олишларини таъминлаш мақсадида хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга ҳам давлат гранти бериш тизими жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, бу йилги Давлат дастурида илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилиши, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб эса “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга ошириш, мазкур жамғарма ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизимини жорий этиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши каби чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.

Давлат дастурида халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳамда аҳолимизнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади ва унинг мақсадларини амалга оширишга Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор амалий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида бу йил мамлакатда тиббий-ижтимоий хизматнинг мутлақо янги моделини шакллантириш чоралари кўриш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.

Давлат дастурининг бешинчи – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳасида мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда белгиланган стратегик режаларнинг жадал ижросини таъминлаш мақсадлари кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, бешинчи йўналишда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликни кенгайтириш, Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган амалий ҳаракатларни қатъий давом эттириш, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва мазкур мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаш, жумладан, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида аниқ манзилли тадбирларни амалга ошириш каби аниқ вазифалар кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, айниқса, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш бешинчи йўналишнинг муҳим устувор вазифаларидан саналади.

Хулоса қилиб айтганда, 2021 йил Давлат дастурида амалга оширилиши режалаштирилаётган барча соҳалардаги чора-тадбирлар, энг аввало, Ўзбекистон тараққиёти, халқ фаровонлиги, юрт ободлигига хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга моликдир.

Шу боисдан “Тараққиёт стратегияси” маркази ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида бу йилги Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, уни амалга ошириб борилиши тўғрисида аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, хорижий ва маҳаллий инвесторлар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ҳамжамиятни кенг хабардор қилиш, ўз навбатида, бу муҳим дастуриламал ҳужжатнинг ижроси устидан мониторинг ва ўрганишларни амалга ошириб бориш бўйича фаолликни янада кучайтиришни мақсад қилган.

Элдор ТУЛЯКОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори.