2021 йил Қашқадарё вилоятида Тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинди
Қарши шаҳрида ўтган йиғилишда Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
– Қашқадарёда барча соҳаларда вазият тубдан ўзгариши шарт. Бунинг учун вилоятда ҳамма имконият бор. Ҳамма уйғониши керак, – деди Президент.
Ҳокимларнинг таклифлари ва вилоятдаги муаммоларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, тадбиркорлик асосий йўналиш этиб белгиланди. 2021 йил Қашқадарё вилоятида Тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Бу борада манзилли ишлаш учун туман ва шаҳарларга вазирлар, тармоқ ва банклар раҳбарлари бириктирилди.
Давлатимиз раҳбари бугунги бозор талаби ва «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб, туманларни муайян иқтисодиёт йўналишларга ихтисослаштириш зарурлигини таъкидлади.