2021 йилда Самарқанд вилоятининг бюджет даромадлари прогнози 2,3 триллион сўмни ташкил қилиши кутилмоқда

«2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳалқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, туман, шаҳар фаоллари ва тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди.

Видеоконференция шаклида бўлиб ўтган йиғилишда Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2020 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2021 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари лойиҳаси ўрганиб чиқилди. Тадбирда Молия вазири ўринбосари Д.Султонов ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев иштирок этди.

2021 йилда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Самарқанд вилояти бўйича маҳаллий бюджет даромадлари прогнози 2,3 триллион сўмни, харажатлари 3,7 триллион сўмни ташкил қилмоқда.

Даромад ва харажатлар ўртасидаги тафовутни қоплаш мақсадида республика бюджетидан 1,1 триллион сўм трансферт ҳамда 320,7 миллиард сўм ўтказиб бериладиган даромадлар (мобиль, алкоголь акциз солиғи) белгиланиши кутилмоқда.

Йиғилишда вилоят маҳаллий бюджети даромадларини прогнозлаштириш, харажатларни режалаштиришда жаҳон ва республикамизда пандемия давом этиши, жаҳондаги иқтисодий ўсиш пасайишини инобатга олиш ҳамда бюджетда етарли захираларни шакллантиришга эътибор қаратиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан тартибга солинувчи солиқ тушумларини, яъни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (жисмоний шахсларнинг мол-мулкларини ижарага беришидан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи бундан мустасно) вилоят ва шаҳар-туманлар маҳаллий бюджетлари ўртасида бир хил меъёрлардан келиб чиққан ҳолда тақсимлаш таклиф этилди.

Самарқанд вилояти молия бош бошқармаси ахборот хизмати.