2021 йилдан бошлаб касб-ҳунарга ўқитилаётган ишсиз фуқароларга тўланадиган стипендия миқдори оширилади
2020 йил 20 октябрдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, 2021 йилдан бошлаб касб-ҳунарга ўқитилаётган ишсиз фуқароларга тўланадиган стипендия миқдорлари оширилиши, яъни табақалаштирилган мезон асосида тўланиши кўзда тутилган.
Стипендия миқдори қуйидагича белгиланган:
- ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) охирги ўн икки ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан кўп бўлмаган миқдорда;
- узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида (679 330 сўм);
- биринчи марта иш қидираётган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етмиш беш фоизи миқдорида (509 498 сўм) стипендиялар тўланиши кўзда тутилаяпти.
Бу стипендиялар солиққа тортилмайди.