23 ёшли қиз кўп қаватли уй деразасидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилди

Самарқанд шаҳрида 23 ёшли қиз кўп қаватли уйнинг деразасидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган.

Бош прокуратура хабарига кўра, воқеа 11 декабрдан 12 декабрга ўтар кечаси соат тахминан 23:00 ларда содир бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ навбатчилик қисми томонидан Самарқанд шаҳар прокуратурасига берилган хабар асосида ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи чиққан. Тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, гувоҳлардан батафсил тушунтириш хатлари олинган.

Шунингдек, марҳуманинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади», дейилади Бош прокуратура хабарида.