28 нафар самарқандлик маҳкум афв этилди

Конституция қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари фармони билан республикамиз бўйича 182 нафар шахс афв этилди.

Вилоят ИИБ пробация бўлими катта инспектори Нодир Каримовга кўра, афв этилганлар орасида 28 нафар самарқандлик маҳкум ҳам бўлиб, уларнинг ўз уйларига қайтарилиши оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.

Оиласи бағрига қайтган собиқ маҳкумларнинг катта қисми Ургут тумани (10 нафар) ва Самарқанд шаҳри (5 нафар)да доимий рўйхатдан ўтган. Шунинг­дек, афв этилганларнинг 1 нафари аёл киши, 3 нафари 60 ёшдан ошган фуқаролардир.

Жазодан озод этилганлар билан суҳбатлашар экансиз, қилган ишларидан пушаймонликларини таъкидлаб, билдирилган ишонч учун халқимизга, ҳукуматимизга миннатдорлик билдирмоқда. Бундан буён ҳалол ишлаб, оиласи ва юртимизга наф келтиришга ваъда бераётир.

Албатта, уларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш долзарб вазифалардан саналади. Бу борада тегишли идоралар билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилади.