367 корхонага 345 миллиард сўм ҚҚС қайтарилди

Жорий йил 20 августда Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида уларга солиқ соҳасида қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилиши айтилганди. Учрашувдан кейин қабул қилинган бир нечта ҳуқуқий ҳужжатларда бу ўз аксини топди. Бу ҳақда мухбиримиз вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Аловиддин Иноғомовнинг фикрлари билан қизиқди.

– Очиқ мулоқотда Президентимизнинг маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, солиқ имтиёзларини бериш, тадбиркорларга қулай шароит яратиб, уларни қўллаб-қувватлаш, «Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи» тизими орқали маъмурий ва солиқ юкини камайтириш мақсадида 3 та қарор ва 2 та фармон қабул қилинди. Бундан ташқари, Солиқ кодексининг тегишли моддаларига ҳам ўзгартишлар киритилди.

Жумладан, Президентимизнинг шу йил 24 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан 1 октябрдан экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғи суммаси резидентнинг ҳисобига тушум тушишидан қатъи назар, ҳиcобга олинади. Бу имконият “интизомли” солиқ тўловчиларга татбиқ этилади.

2022 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғининг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинди. Тўловчи тегишли солиқ даври учун ҳисоботини топширишда, солиқ органларини хабардор этган ҳолда қўшилган қиймат солиғи салбий суммасини қоплаш (қайтариш) талабини билдириш ҳуқуқи берилди.

- Қароргача бу тартиб қандай эди?

- Амалдаги тартибга кўра, қўшилган қиймат солиғидан мавжуд бўлган ортиқча тўловни қайтариш 7 кундан 40 кунгача кўриб чиқилиб, улардан кўп ҳужжатлар талаб қилинарди. Бу тадбиркорлар учун қўшимча вақт, ортиқча оворагарчилик келтириб чиқарарди. Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2020 йилда 580 та корхонадан 392,4 миллиард сўмлик (шундан 107 таси экспортёрдан 60,6 миллиард сўмлик) аризалар қабул қилинган. 129 та ариза асосида 204,8 миллиард сўм, шундан экспорт операцияларини амалга оширган 24 та корхонанинг ҳисобрақамига 10,5 миллиард сўм маблағ қайтариб берилган.

- Қанча тадбиркор ҚҚСни қайтариб олди?

- Жорий йилнинг ўтган даврида жами 2001 та корхонадан 727,2 миллиард сўмлик (шундан 300 та экспортёрдан 149 миллиард сўмлик) аризалар қабул қилинган. 367 та ариза асосида 345,5 миллиард сўм, шундан экспорт операцияларини амалга оширган 228  тасининг ҳисобрақамига 85,6 миллиард сўм маблағ қайтариб берилди. Жорий йилда вилоят бўйича 135 та корхона божхона органларига тўланган 127 миллиард сўмлик ҚҚСни бюджетдан қайтариб олган.

- Пандемия даврида умумий овқатланиш ва туризм фаолиятидаги субъектлар қийинчиликка учради. Уларга нима енгиллик берилади?

–   Президентимизнинг жорий йил 25 августда қабул қилинган “Умумий овқатланиш ва туризм соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 1 сентябрдан йил якунигача умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди. Бундан ташқари, 2023 йил 1 сентябрга қадар туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилди. Вилоят бўйича пандемия даврида қийинчиликка учраётган 392 та умумий овқатланиш корхонаси йил охирига қадар юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқларидан имтиёз берилиши ҳисобига 1,7 миллиард сўм тўлашдан озод қилинди. Шунингдек, уларнинг ҳозирги кундаги мавжуд 0,3 миллиард сўм қарзи бўйича тўлов муддатлари жорий йил якунигача узайтирилди.

Шу билан бирга, 246 та туризм компанияси ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилиш натижасида 2,9 миллиард сўм маблағ уларнинг ихтиёрида қолади.

- Экспортёр корхоналар қандай рағбатлантирилади?

- 2021 йил 7 сентябрдаги “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонда кейинги бир йилда 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотини экспорт қилган корхоналарга қатор божхона енгилликлари берилди. Ушбу фармон кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2021 йил 31 декабрга қадар тўхтатилди.

- Солиқ текширувлари борасида нима ўзгаришлар бўлади?

- 2021 йил 7 сентябрдаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан 2022 йил 1 январдан камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди.

Биргина солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаганлиги учун молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш натижасида йил якунига қадар хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида 473,6 миллион сўм қолади.

– Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ҳам енгилликлар бериладими?

– Президентимизнинг  2021 йил 14 сентябрдаги “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида айнан шу масала эътиборга олинган. Мазкур қарор билан 2020 йил 1 январдан  бошлаб махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлган. Ушбу солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми  2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зона тадбиркорларнинг реестрига киритилган иштирокчилар учун, улар киритган инвестиция ҳажмидан келиб чиқиб, 3 йилдан 10 йилгача муддатда тўлиқ қўлланилади.

Мисол учун, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси бўлган 88  тадбиркорлик субъектидан ундирилган 3 816,6 миллион сўм солиқнинг қайтарилиши кутилмоқда.

- Солиқ кодексига ҳам бирмунча ўзгартиришлар киритилди. Улар қандай ўзгаришлар?

– 2021 йил 14 сентябрда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Энди 2022 йил 1 январга қадар бўлган даврда 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра, солиқ қарзи мажбурий ундирилмайди. Шунингдек, туризм, транспорт ва умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлар учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва улардан олинадиган ер солиғи, 2020 йилда ҳисобланган ва вақтинча қийинчилик муносабати билан тўланмаган солиғига пеня ҳисобланмайди. 2020 йил 15 май ҳолатига кўра қарздорлиги мавжуд бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқлар, пенялар ва солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича ҳам пеня ҳисобланмайди. 2021 йил 31 декабргача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари, ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди. Шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

- Солиқ кодексидаги ўзгаришларда автомобиль импортида ҳам имтиёзлар қўлланиладими?

- Фақат электр двигателли автомототранспортларни сотиб олувчи ва (ёки) уларни республика ҳудудига вақтинча олиб кирувчи шахслар автотранспортни сотиб олиш ва (ёки) республикага вақтинча олиб кириш учун йиғимни тўлашдан озод қилинади. Энди юридик шахс, агар унинг олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида 5 миллиард сўм (илгари 10 миллиард сўм)ни ташкил этган бўлса, солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги ариза билан солиқ органига мурожаат қилишга ҳақли. Бундан ташқари, органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ органларига бундай маълумотларни тақдим этиш мажбуриятларига тааллуқли ўзгартиришлар  ҳам киритилди.

Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар, сув ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойи бўйича, нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ваколатли бўлган органлар  ахборотни солиқ органларига реал вақт режимида электрон шаклда тақдим этиши шарт.

Конлар ва карьерлар банд этган ерлар учун солиқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент, лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун эса 0,05 коэффициент қўлланилган ҳолда тўланади. Лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун солиқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,3 коэффициент қўлланилган ҳодда тўланади. Бундан Солиқ кодексининг 429-моддаси 14-қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ўктам Худойбердиев суҳбатлашди.