4 сотих ердан 90 миллион сўм даромад топаётган деҳқон
Иштихонда ишбилармон деҳқонлар кўп. Каттақангли маҳалласида 841 та хонодон мавжуд бўлиб, аҳоли томорқасининг экин майдони 118 гектарни ташкил қилади. Маҳалланинг Диёр қишлоғида яшовчи Ҳолиқул Соибназаров ҳовлисидаги ердан яхши даромад топади.
- Бор-йўғи 4 сотихлик томорқам бор, - дейди у. – Бу ернинг 2 сотихида қулупнай етиштираман. Қулупнай кўчатлари орасига саримсоқпиёз экаман. Ҳар иккала маҳсулот ҳам бир вақтда, май ойида йиғиштириб олинади. Ўтган йили қулупнай ва саримсоқпиёз ҳосилидан 60 миллион сўмга яқин даромад қилдим. Қолган 2 сотих ерда помидор, картошка ва бошқа сабзавот маҳсулотлари етиштираман. Ер қишда ҳам бекор турмайди. Томорқадан йилига 2-3 марта фойдаланишни ҳисобга олсак, шу камгина ердан 90 миллион сўмлик ҳосил олиш мумкин. Томорқадан топганларим эвазига рўзғор тебратаман. Ортганини йиғиб-йиғиб бир ўғлимга уй-жой қилиб бердим, машина сотиб олдим.
Дехқонобод маҳалласида эса 615 та хонадон бўлиб, 2024 йил хосили учун аҳоли томорқасининг 36 гектар майдонига тўқсонбости экинлар экилган. Тўрақул Ҳалимов маҳаллада 30 йилдан бери томорқасидан унумли фойдаланиб келаётган уста деҳқонлардан бири.
- Ҳар йили томорқамнинг 10 сотихида тўқсонбости экин сифатида саримсоқпиёз ва исмалоқ етиштираман, - дейди Т.Ҳалимов. – Ўтган йили 8 сотих ерга экилган саримсоқпиёз ҳосили 1 тонна 300 килограм бўлди ва ундан 30 миллион сўмга яқин даромад топдим. Кейинги йилларда саримсоқпиёзнинг ўзагини ҳам газак тайёрловчилар сотиб олиб кетишяпти. Авваллари уни чиқиндихонага чиқариб ташлардик. Томорқада бир қарич ер бўш турмайди. Эгат четларидан ҳам кўкатлар етиштириб фойдаланаман.
Тўрақул Ҳалимовнинг турмуш ўртоғи томорқада меҳнат қилиш билан бирга хонаки гуллар парвариши билан ҳам шуғулланади.
- Мен шу томорқада директорман, янгангиз эса бош бугалтер, - дейди Тўрақул ака кулиб. – У томорқадан топаётган даромадимизни ҳисоблаб боради. Йилига томорқанинг ўзидан 100 миллион сўм топяпмиз.
Туманда 46 минг нафардан ортиқ томорқа ер эгалари мавжуд бўлиб, уларнинг экин экиладиган очиқ майдонлари 7 минг 580 гектарни ташкил этади. Бугунги кунда 2024 йил ҳосили учун туманда жами 2679 гектарга яқин ерда тўқсонбости экинлар парваришланяпти.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).