500 минг АҚШ долларининг мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқилиши олди олинди
Ватанимиз сарҳадлари барчамиз учун азиз ва муқаддас. Уни кўз қорачиғидек асраб келаётган Ватан посбонлари - чегарачиларимиз юртимиз тинчлиги йўлида тиним билмай хизмат фаолиятини олиб бормоқда.
Бугунги синовли кунларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларимиз учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим шахслар томонидан ўз манфаати йўлида турли ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш ҳолатлари содир этилмоқда.
Андижон вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудида хизмат вазифасини сергаклик билан олиб бораётган ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Қўрғонтепа тумани чегара олди ҳудуди орқали қўшни мамлакатга 500.000 АҚШ долларини ноқонуний равишда олиб ўтаётганлар қўлга олиниб, маъмурий тартибда тегишли идора вакилларига топширилди.