7 ой давомида коммунал хизматлар учун қарздорлик 700 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ташкил этди

Жамият шундай бир механизмки, унинг аҳамиятсиз бўлаги бўлмайди. Баъзилар учун арзимас туюлган камчилик пировардида умумий тараққиётимизга тўғаноқ бўлиб тураверади. Шу сабабли давлатимиз раҳбари ислоҳотлар қамровини кенгайтириш, барча соҳаларнинг бир текис  ривожланишига имконият яратиш чораларини кўрмоқда. Жамиятга, тараққиётимизга тўғаноқ бўлаётган ҳолатларга барҳам берилаётир.

Аммо ислоҳотлар жараёнининг шундай жиҳатлари борки, у бевосита сизу бизнинг давлатимиз ва ўз тақдиримизга масъулиятимиз, ҳуқуқий саводхонлик ва маънавий савиямизга боғлиқ. Бу ўринда энг оғриқли соҳа бўлган коммунал хизматлар учун тўловлар тизимини назарда тутяпмиз.

Кейинги йилларда бу йўналишда жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Электр, табиий газ ва ичимлик суви таъминотидаги бу ижобий ўзгаришларни барчамиз кўриб турибмиз. Соҳадаги ўғирлик ва коррупция, ўзибўларчилик ва исрофгарчиликни йўқотиш мақсадида пул тушумларининг назорати мажбурий ижро бюроси тасарруфига ўтказилди, электр, табиий газ ва ичимлик суви таъминотига замонавий технологиялар жорий этилмоқда.

Минг афсуски, барча ҳаракат ва харажатлардан кўнгилдагидек самарага эриша олмаяпмиз. Негаки пул тушумида изчиллик ва тартиб йўқлиги туфайли соҳага янги технологияларни жорий этиш жуда қийин кечяпти. Маълумотларга қараганда, электр, газ ва сув тўлови кўрсатилган хизматларнинг 77 фоизини ташкил этаяпти, холос. Бошқача айтганда, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланаяпмизу, унинг 23 фоиз пулини тўламаяпмиз.

Эҳтимол, баъзиларга бу рақам арзимасдек туюлар, бироқ ана шу уч соҳадан қарздорлик биринчи августга қадар 700 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этаётгани барчамизни ташвишга солиши керак.

Келинг, ушбу рақамлар мазмунини бир чақиб кўрайлик. Бугунги кунда электр энергияси таъминотидан вилоят бўйича 402 миллиард сўм қарздорлик мавжуд. Ачинарлиси шундаки, қарздорлик шу йилнинг 700 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этаётгани 78 миллиард сўмга кўпайган. Бу қарзнинг 234 миллард сўми аҳоли зиммасига тушаяпти. Демак, бизнинг қўшнимиз, қариндошимиз, танишимиз йиллар давомида бундай тўловлардан бўйин товлаб келаяпти. Табиий газдан ҳам аҳоли қарздорлиги 300 миллиард сўмдан ошиб кетган.

Энди тасаввур қилинг, ана шу маблағ тегишли ташкилот ҳисоб рақамига ўз вақтида келиб тушса, бу пулга қанча ТП, ГРП ва бошқа замонавий ускуналар олиш мумкин? Бюджетга солиқ сифатида тушгандан ташқари бу пулга қанча мактабу болалар боғчаси қуриш мумкин?

Бизнинг истагимиз, илтимосимиз шуки, ҳар бир одам бу саволни виждони олдида ўзига бериб, жавобини излаб кўрсин.

Биламиз, ҳали МИБ тизими изчил йўлга тушган эмас, илгари соҳада ўғирлик қилган электр ва газ идорасининг айрим ходимлари ҳамон нафсини жиловлаб олмаган. Аммо соҳада албатта, тартиб ўрнатилади, ҳар ким ўз баҳосини олади.

Бу жараёнда самарқандлик ҳар бир фуқаро фаол фуқаролик позицияда туриши, камчиликларни аниқлашда ва уларни бартараф этишда соҳа мутахассисларига ёрдам бериши зарур. Вилоят ҳокимлиги қадимий, муқаддас юрт инсонлари, энг аввало, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар, маҳалла фаоллари бизнинг мурожаатимизга лаббай, деб жавоб беришига ишонади.

Яна бир гап. Электр, газ, ичимлик суви ёнимиздаги ариқдан текинга оқиб ётган нарса эмаски, ундан истаган пайтда, истаганча олаверсак. Бу беминнат неъматлар катта меҳнат ва маблағ ҳисобига яратилади. Шу сабабли бу неъматларни исроф қилиш, унинг ҳақини тўламаслик ношукурлик билан барабор. Бу ҳақиқатни аввало ўзимиз англаб етайлик ва сўнг болаларимизга, танишларимизга тушунтирайлик.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати