8 сотих ердан 80 миллион сўм даромад

Иштихон туманининг Деҳқонобод маҳалласида бир оила бор. Хонадон эгаси Самад Болиев ҳунарманд-уста. Бешик ясайди. Бўш вақтларида томорқадаги юмушлар билан шуғулланади.

Қолган ишларни  унинг турмуш ўртоғи Дилором опа эплайди. Уларнинг томорқаси 8 сотих. Бу майдондан йилига 2-3 мартагача ҳосил олинади. Ер қишда ҳам бўш турмаслиги учун тўқсонбости экинлар экилади.

- Бу йил эрта кўкламда томорқамизга картошка экдик, - дейди Дилором Болиева. – Унинг ҳосилини йиғиштириб бўлгач, помидор, карам, сабзи ва бошқа маҳсулотлар уруғини қададик. Ундан кейин эса саримсоқпиёз экдик.

Яхши меҳнат қилсак, 8 сотихдаги саримсоқпиёздан 2 тонна ҳосил олишимиз мумкин. Одатда биз ҳосилни йиғиб олишимиз билан маҳсулотни бозорга чиқарамиз. Ўшанда килосини 15-20 минг сўмдан сотамиз. Агар маҳсулотни сақлаб туриб қишга яқин сотадиган бўлсак, кўпроқ фойда кўрамиз. Сабаби, айни куз-қиш мавсумида бир килограмм саримсоқпиёзнинг нархи 35-40 минг сўмга чиққан. Шуни ҳисобга олсак, фақат саримсоқпиёзнинг ўзидан 70-80 миллион сўм даромад топишимиз мумкин.

Туманда 46 минг 63 та оила бўлиб, уларга қарашли 9 минг 652 гектар томорқа майдони мавжуд.

- Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли томорқасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти, - дейди туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси Абдурасул Тангиров. – Аҳоли экин экадиган томорқа майдонининг 1447,7 гектарида боғ, 1623,9 гектарида узумзорлар барпо этилган бўлса, 7580 гектарида сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади. Аҳоли ўртасида куз ва қиш мавсумларида ҳам томорқадан унумли фойдаланиш бўйича олиб борилаётган тарғибот тадбирлари яхши натижа беряпти. Бу йилги мавсумда 4294 гектарлик томорқа майдонларида тўқсонбости экинлар етиштирилиши режалаштирилган бўлиб, 1 ноябрга қадар 1453 гектар ерга август пиёзи ва саримсоқпиёз экиб бўлинди. Энди ноябрь ва декабрь ойларида пиёз, сабзи, карам ва кўкат маҳсулотлари экилади. Томорқачиликда Деҳқонобод маҳалласи аҳолиси тумандаги бошқа маҳаллаларга ўрнак бўляпти.

Томорқадан ҳам мўмай даромад топиб, рўзғор тебратса, уйлар қуриб тўйлар қилса бўлади. Фақат бунинг учун деҳқонободлик деҳқонлар сингари меҳнат қилиш, сабрли бўлиш талаб қилинади.

Самандар ТОШНИЁЗОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).