“Адолат”чилар сайловчиларга берган ваъдаси устидан чиқадими?
Бугун кўпчиликда шу савол туғилиши табиий. Шу боис партиядан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар жойларда аҳоли, жумладан, сайловчилар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказмоқда.
Бунда умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши, моддий-техник базаси, ички йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминоти, ёшларни ишга жойлаштириш ва бошқа шу каби муҳим масалалар партия депутатларининг диққат-эътиборида бўлмоқда.
Ўтказилган учрашувлар натижасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчилар мурожаатлари асосида 20 дан ортиқ депутатлик сўровлари киритилди.
Хусусан, вилоят Кенгаши депутати Содиқ Ҳақбердиев Нарпай туманидаги 64-умумий ўрта таълим мактабида мавжуд спорт зал бугунги кунда таъмирталаб эканлиги юзасидан туман ҳокимлиги молия бўлимига киритган депутатлик сўрови ушбу масалага мутасаддиларнинг эътиборини қаратди. Бу борада манзилли дастурда тегишли вазифалар белгиланиб, ижроси депутат назоратига олинди.
Туман аҳолиси учун суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида аҳолига етказишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш учун “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ директорига депутатлик сўрови орқали мурожаат қилган депутатга 320 дона газ баллонларини аҳолига бир вақтда етказиш имкониятига эга “CHACMAN” русумли махсус автомашина ажратилиши билдирилган.
Бундан ташқари, Қозикент маҳалласи аҳолиси учун қўшимча трасформатор ўрнатиш масаласи ҳам депутатнинг фаоллиги эвазига ҳал этиладиган бўлди.
Сайловчилар билан учрашув чоғида вилоят Кенгаши депутати Илҳом Тўхтасиновга Самарқанд шаҳридаги Устозлар маҳалласида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кўплиги сабабли мавжуд трансформаторнинг қуввати етмаётганлиги, электр энергияси таъминотида кўплаб узилишлар юзага келаётганлиги билдирилди.
Масалани ўрганиш давомида маҳаллада 57 дона янги симёғочлар ўрнатиш зарурлиги маълум бўлган. Шу мақсадда депутат “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга депутатлик сўрови киритди. Масала манзилли дастурга мувофиқ ҳал этилиши белгиланди, унинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши депутат назоратига олинди.
Албатта, муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Муҳими, у ўз вақтида ҳал этилиши зарур. Бу эса партия депутатларидан масъулият, билим, тезкорлик, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашни тақозо этади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши матбуот хизмати.