Афғонистон Президенти “Толибонга” қарши ҳужумга ўтиш шаклида кураш олиб боришга буйруқ берди
Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакатнинг барча қуролли кучлар бўлинмаларига “Толибон” террорчилик ҳаракатига қарши “ҳужумга ўтиш” шаклида кураш олиб боришга буйруқ берди. Бу ҳақда TOLO News телеканали хабар қилди.
“Фаол ҳимояланиш” шаклидан “ҳужумга ўтиш” шаклига ўтишнинг сабаби, сўнгги вақтларда ҳукуматга нисбатан уюштирилган ҳужумлар эканлиги айтилмоқда.
Телевидениеда қилган мурожаатида мамлакат Президенти “Толибон” гуруҳи ҳужумга ўтишни тўхтатиш ва зўравонликларга чек қўйиш ҳақидаги чақириқларни шу вақтгача рад этиб келаётганини таъкидлади.
Февраль ойининг сўнггида “Толибон” ҳаракати раҳбарлари АҚШ билан тинчлик сулҳи тузиш эвазига зўравонликларга чек қўйишга ва асирлар алмашувига рози бўлган эди. Шундан сўнг Афғонистон ҳукумати “фаол ҳимояланиш” шаклига ўтган эди.
Сешанба куни Афғонистонда икки нафар террорчилик ҳужуми уюштирилди. Ҳужум оқибатида ўнлаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлди. “Толибон” ҳаракати ушбу ҳужумларга алоқаси йўқ эканлигини таъкидламоқда.