Толибон АҚШнинг афғон захираларини Швейцарияга ўтказиш қарорини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади
АҚШнинг Афғонистоннинг 3,5 миллиард долларлик захираларини Швейцарияга ўтказиш ва уларни афғон аҳолисига мақсадли тўловлар учун ишлатиш тўғрисидаги қарори халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади, дейилади “Толибон” баёнотида.
"Ушбу захиралардан ҳеч қачон ҳеч қандай тўловлар учун ишлатиб бўлмайди. Бу захираларни афғон халқининг розилигисиз бошқа мақсадларга сарфлаш АҚШ томонидан Афғонистоннинг иқтисодий барқарорлигига қарши қилинган салбий қадамдир", - дейилади Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Абдул Каҳар Балхий ижтимоий тармоқлардаги баёнотида.
"Афғон халқининг бойликларини бошқа давлатга мажбуран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунинг учун биз барча халқ ва томонларни бу ноқонуний ва репрессив ҳаракатларни қоралаб, афғон халқини бу борада қўллаб-қувватлашга чақирамиз", дейилади ҳужжатда.
Қайд этилишича, Афғонистондаги гуманитар инқирознинг асосий сабаблари “Американинг 20 йиллик уруши, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган маъмуриятда кенг тарқалган коррупция, ҳукумат алмашгандан сўнг инвесторларнинг янги очилган иқтисодий имкониятлардан фойдаланишига тўсқинлик қилувчи Афғонистон ва унинг банк секторига қарши санкциялардир.
Толибон “агар захиралар афғонларнинг қонуний талабларини инобатга олмасдан сарфланса, Афғонистон Миллий банки захираларидан ноқонуний фойдаланилишига ҳисса қўшаётган барча шахслар, муассасалар ва компаниялар фаолиятини тақиқлашга мажбур бўлади”, деб таъкидлайди.
“Биз Қўшма Штатларни афғон халқи банк тизимларига кириши ва иқтисодиётини барқарорлаштириши учун захираларни очиш ва молиявий чекловларни олиб ташлашга яна бир бор чақирамиз”, дейилади ҳужжатда.