Алимент тўлашдан бош тортган ота 7 ойга озодликдан маҳрум этилди
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд қарорига асосан қарздор Акром Толибжонов томонидан ундирувчи Дилобар Жалолованинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Бироқ, қарздор А.Толибжонов алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли, Каттақўрғон туман маъмурий судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 474-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Бу ҳақда Zarnews.uz сайтига Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими хабар бермоқда.
Фуқаро А.Толибжонов маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан муттасил бўйин товлаб келган.
Оқибатда, унинг қарздорлиги 2017 йил декабрь ойидан ҳозиргача 9 миллион сўмга етган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан фуқаро К.Салимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб судга юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди А.Толибжоновни айбдор деб топди ва етти ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Шунингдек, ундан Дилобар Жалолованинг фойдасига 9 миллион сўм миқдорида алимент тўлови ундириладиган бўлди.