Алимент тўлашдан бўйин товлаган отанинг қарздорлиги 7 миллион 865 минг сўмга етди
Фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг буйруғига асосан қарздор Ш.Б. томонидан ундирувчи Н.Т.нинг фойдасига икки нафар фарзанди вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Қарздор Ш.Б. алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли, Паст Дарғом туман маъмурий судининг қарори билан Ш.Б.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 474-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Фуқаро Ш.Б. маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан муттасил бўйин товлаб келган ва бугунги кунга қадар унинг қарздорлиги 7 миллион 865 минг сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими томонидан фуқаро Ш.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси
Паст Дарғом туман бўлими.