Амалга ошмаган суиқасдлар
Тадқиқотчилар ҳисобига кўра, Учинчи рейх етакчиси Гитлерга қарши унинг тириклигида камида 40 та суиқасд уюштирилган.
Бироқ пухта ўйланмагани туфайли уларнинг бирортаси амалга ошмаган. Айримларини мисол тариқасида келтирамиз.
Гитлер вегетиран таомларни маъқул кўрган. Буни билганлар 1932 йил январда унга қарши суиқасд уюштиради. Берлиннинг “Кайзерхоф“ отелидаги тушликдан сўнг Гитлер ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Чунки уни салат билан
ўлдиришмоқчи бўлишганди. Бироқ аралаштирилган заҳар шунчалик оз эдики, у Гитлерни ичбуруғ қилади, холос.
1938 йил ноябрь ойида Германияга Швейцариядан диншунос талаба Морис Бове келади. У Гитлерни антихрист ҳисоблар, бу католик черковга раҳна солади деб ўйларди. Талаба тўппонча билан қуролланиб, Мюнхенга жўнайди. У бу ерда “Пиво ғалаёни”нинг бир йиллиги шарафига
ўтказиладиган маросимда Гитлерни отиши лозим эди. Сўнгги дақиқада Бове фикридан қайтади: у ўқ Гитлерга тегмаса нима бўлади, деб қўрқади. Талаба уйига қайтишга қарор қилади, бироқ пули қолмаганди. У поездда яшириниб Париж орқали Швейцарияга ўтиб олмоқчи эди. Аммо чегарада қўлга тушади. Боведан тўппонча, Гитлерга яқин бориши учун берилган сохта тавсиянома топилган. Бове фюрерни ўлдирмоқчи эканлигини тан олади - у ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Чекистлар Учинчи рейх лидерини ўлдиришнинг оригинал усулини ишлаб чиқишади. 1941 йилда немис қўшинлари Москвага яқин келади. Совет қўмондонлиги тахминига кўра агар фашистлар СССР пойтахтини эгалласа, албатта бирорта ҳашаматли бинода байрам қилиши мумкин эди. Бундай маросимга "Большой театр"дан бршқа мақбул жой топилмасди. Чекистлар театр ертўласига бир неча тонна портловчи модда кўмишади. Мабодо Гитлерчилар омадлари келиб ғалабасини нишонламоқчи бўлса уларни кули кўкка совурилиши аниқ эди.
Бироқ немисларни Москвадан узоқроққа улоқтириб ташлашга муваффақ бўлинди. Портловчи моддалар йиғиштириб олинди.
1944 йил мартда Фюрерга навбатдаги суиқасд уюштирилди.
“Марказ” армияси гуруҳи қўмондони генерал-фельдтаршал Эрнст Бушнинг адьютанти, капитан Фон Брайтенбух Гитлерни олий ҳарбий бошлиқлари билан
ўтказадиган кенгашда
ўлдириши керак эди. Фитначилар раҳбари генерал Хеннинг фон Тресков Брайтенбухга кители остига портловчи қурол яшириб олишни таклиф қилади. У Гитлер яқин келганида уни қучоқлаши ва портлатиб юбориши зарур эди.
Бироқ капитан соқчилар уни диктаторга яқин йўлатмаслигини айтиб, таклифни рад этди.
Унда тўппончадан Гитлернинг бошига ўқ узиш керак. Негаки, бронжилет кийган бўлиши мумкин... Аммо ҳамма режа чиппакка чиқди. Бошқа адьютантлар каби капитанни ҳам кенгаш ўтказиладиган залга қўйишмайди. Тўппонча шимга қистирилган эди. Бир пайт у сирғалиб оёқ остига тушади. Брайтенбух эгилиб қуролни олмоқчи бўлганида тўсатдан отилиб кетади...
Фюрернинг башорати рўёбга чиқди: у бегона қўлда ҳалок бўлмади.
Т.Шомуродов тайёрлади.