Амир Темур ҳайкали қандай яратилган эди?

Буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳақида, унинг ёшлиги, ўспиринлиги, жанглардаги жасорати, ватанпарварлиги, саркардалигидаги жанг маҳоратлари, қўйингки, барча хислатлари ҳақида кўп мақолалар, китоблар ёзилган. Ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратилган.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ буюк аждодларимизга эҳтиром, улар хотирасини тиклаш, маънавиятни ривожлантириш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, халқ қалбида миллий ғурур туйғусини жўш урдириш, ўзликни англаш, миллатимиз нималарга қодир эканини дунё бўйлаб намойиш этиш масалаларига жуда катта эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Амир Темур сиймосига алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан қараганини ҳаммамиз яхши биламиз. Шунинг учун ҳам Амир Темур образини тасвирий санъатда, ҳайкалтарошликда яратиш масаласи билан шахсан ўзлари жиддий шуғулланган.

Ёзувчи Маматқул Ҳазратқуловнинг 2010 йилда нашр этилган «Дийдор» китобида ёзилишича, Соҳибқирон ҳайкалининг лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида муҳокама қилинган. Лойиҳанинг икки-уч варианти бўлиб, йиғилиш иштирокчилари лойиҳа ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирадилар. Президент эса охири ўз фикрини баён этиб, барча лойиҳаларнинг биронтасидан ҳам фойдаланиб бўлмаслигини билдиради. Ислом Каримов лойиҳада Амир Темурнинг ички дунёси, руҳи у ёқда турсин, ташқи қиёфаси ҳам ўхшамаганлигини айтади. «Темурга хос шиддат, ўктамлик, айни чоғда салобат қани бу ерда? Ҳолбуки, Амир Темурнинг нафақат ташқи қиёфасини, балки ички оламини ҳам ифодалаб бериш, унга қўйиладиган ҳайкал ҳам шунга яраша бўлиши керак. Бунинг учун улуғ бобомизнинг фаолиятини, шахсий ҳаётини, асарларини, ўгитларини пухта ўрганиш зарур. Бу сиймо образини яратишга енгил-елпи қараб бўлмайди», деган.

Гап шунда бўлганки, Амир Темурнинг ҳам инсон, ҳам давлат бошлиғи, ҳам донишманд сифатидаги фаолияти ҳар қандай инсон, ҳар қандай давлат раҳбари ёхуд ҳар қандай саркарда учун намуна, тенги йўқ бир мактабдир. Биринчи Президентимиз эса буни теран, атрофлича ўрганган, албатта. Шунинг учун ҳам И.Каримов ўзининг ҳар бир нутқида Амир Темур тузукларидан мисоллар келтириши бежиз бўлмаган.

«Шундай қилиб, Амир Темур ҳайкалини яратиш жараёни қизғин давом этди, – деб ёзади М.Ҳазратқулов, – 1993 йилнинг баҳор ойлари эди. Президент қайсидир мамлакатдан сафардан қайтди. Самолётдан тушиши билан аэропорт биносига кириб, Темур ҳайкалининг янги лойиҳасини кўздан кечирди. Буни истеъдодли ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ишлаган эди…».

Бу борада иштирокчилар билан кўпгина баҳс-мунозаралар бўлди. Турли тоифадаги раҳбарлардан фикрлари сўралади. Лойиҳада Амир Темур отда ўтирган ҳолда, чап қўлида байроқ, ўнг қўли билан отнинг жиловини ушлаган ҳолда акс эттирилган бўлган. И. Каримов лойиҳа муҳокамаси иштирокчиларидан: «От минган одам жиловни қайси қўлида ушлайди? Подшолар ҳам байроқ олиб юрганми?» деб сўрайди ва атрофдагиларга қарайди. Ҳамма жим бўлиб қолган, ҳеч ким журъат этиб гапиришга жазм қилмаган. Шунда М.Ҳазратқуловдан ёзувчи эканини, тарихни яхши билишини, шунинг учун ҳам ўз фикрини айтишини сўраган. М. Ҳазратқулов подшолар байроқ олиб юрмаганини айтган.

«Тўғри, – деган И. Каримов, – байроқни, яъни туғни олиб юрувчи махсус одамлар бўлган. Улар туғдорлар дейилган. Улар подшодан анча илгарида юрганлар. Отнинг жилови ҳақида гапирадиган бўлсак, тизгин чап қўлда тутилади. Ўнг қўлда қамчи, агар жанг пайти бўлса қилич ушланган».

Кейин эса И.Каримов ҳазил аралаш шу ердагиларга қарата: «Ҳеч отга минганмисизлар ўзи? Отга минаётганда чап оёқни узангига қўйиб, ўнг оёқ отнинг устидан оширилади… Ўнг қўлида жилов тутган одамни ҳеч кўрмаганман», дейди.

Шундан кейин у киши бўлажак ҳайкалнинг энг майда деталларигача айтиб беради. Унда Амир Темурга хос салобат, улуғворлик, шиддат, айни чоғда меҳрибонлик акс этмоғи шарт, деган топшириқни беради ҳайкалтарошга. Шу тариқа бугун нафақат мамлакатимиз пойтахтида Соҳибқироннинг улуғвор ҳайкали қад кўтаради, балки Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида, Россия ва ер юзининг яна 6 та мамлакатида Амир Темурнинг салобатли ҳайкалларини яратишда нафақат ҳайкалтарошнинг, балки Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Чунки Ислом Каримов бўлажак ҳайкални шунчалар таҳлил этиб, йўл-йўриқ кўрсатганки, энг билимдон санъатшунос ҳам бўлажак ҳайкални бу қадар теран таърифлаб бера олмасди.

Иззатулла Норқувватов тайёрлади.