Амир Темур Кўрагон исми битилган мармар лавҳа қаерда?
Санкт-Петербургдаги Давлат Рус музейида бўлганлар бу саволга дарров жавоб бериши мумкин. Чунки ҳозирда бу ноёб буюм ушбу музей экспозициясида намойиш этилмоқда. Бироқ ўз даврида Амир Темур мақбараси бош кириш эшиги тепасида ўрнатилган лавҳа қандай қилиб бу музей коллекциясидан жой олди?
Россия фанлар академияси моддий маданият тарихи институти архивида ушбу ашёнинг юқоридаги музейга бориб қолиши тарихига алоқадор ҳужжатлар сақланади.
Ҳужжатлардаги маълумотларга кўра, 1905 йил баҳорда Амир Темур мақбарасига 4 кишидан иборат револьвер билан қуролланган талончилар бостириб кириб, мақбара қаровулини қўрқитиб, ушбу плитани ўрнатилган жойидан юлиб олган ва кўздан ғойиб бўлган. Ўша вақтдаги маҳаллий ҳукуматнинг суриштириш ишлари айбдорларнинг топилишига ёрдам бермайди.
Россия императорининг археология комиссияси 1908 йилда мармар плитанинг Берлиндаги Фридрих музейида намойиш этилаётганидан хабар топади ва суриштирув ишларини бошлайди. Шу йилнинг ўзидаёқ империя ташқи ишлар вазири Александр Петрович Извольскийга воқеа тафсилотларини билдириб, лавҳани ўз жойига қайтариш масаласида ёрдам сўрайди.
Ўз навбатида, ташқи ишлар вазирлиги Россия императорининг Берлиндаги элчиси Граф фон дер Остен-Сакенга мактуб йўллаб, ушбу иш юзасидан суриштирув ўтказишни сўрайди. Маълум бўлишича, ноёб мармар лавҳа Фридрих музейи директори доктор Т.Боде томонидан 1906 йилда Истамбулда 10 минг франк пулга сотиб олинган ва музейга олиб келинган.
Элчига мармар лавҳани Россияга қайтариш учун музокаралар ўтказиш топшириғи берилади. Фридрих музейи директори доктор Т.Боде ноёб ашёни Россияга қайтариш масаласидаги сўровга жавобан, дастлаб ашёнинг ҳақиқатдан ҳам Амир Темур мақбарасига тегишли эканлигига оид далил талаб этади. Император археология комиссияси XIX аср охирида Самарқандда олинган Амир Темур мақбарасининг эшиги ва унинг тепасидаги мармар лавҳа акс этган умумий кўриниш, мақбара эшигининг мармар лавҳа билан бирга алоҳида 3 та фотосуратни тақдим этади.
Шундан сўнг Фридрих музейи маъмурияти мармар лавҳани Россияга қайтариш эвазига XIII-XIV асрга тааллуқли мусулмон санъатининг “бирор бир ноёб намунаси”ни талаб қилади. Бироқ Император археология комиссияси бундай ашё ўз ихтиёрида йўқлигини, мармар лавҳани сотиб олиш учун Фридрих музейи томонидан сарфланган 10 минг франк маблағни қоплаб беришини маълум қилади.
Ушбу можаро ҳақидаги гаплар қадимий ашёлар ҳавасманди бўлган Германия императори Вилгельм II га ҳам етиб боради ва император хоҳиши билан жараёнга Пруссия Қироллик музейлари бошқармаси аралашади. Оқибатда, мармар лавҳа учун сарфланган маблағни қоплаб бериш эвазига уни Россияга қайтариш масаласи ижобий ҳал этилади.
Шундан сўнг Император археология комиссияси Россия империяси молия вазири В.Н.Коковцевга Фридрих музейига тўлаш учун 6 минг рубль (10 минг марка) ажратишини сўраб мактуб йўллайди. Кўрсатилган маблағ Берлинга юборилгач, мармар лавҳа Россияга олиб келиниб, император археология комиссияси томонидан Амир Темур мақбарасига қайтарилмасдан, ўша вақтдаги Император Александр III нинг Рус музейи, яъни ҳозирги Давлат Рус музейи ходими катта хизматчи Ульрих Яков қўлига топширилади.
Шу тариқа Амир Темур Кўрагон исми битилган мармар лавҳа ҳозиргача Санкт-Петербург шаҳридаги Давлат Рус музейи экспозициясини безаб турибди. Ўша вақтда мармар лавҳанинг Самарқандга қайтарилмаслиги бу ердаги обидаларнинг яхши қўриқланмаслиги, ашёнинг такрорий равишда ўғирланиши эҳтимоли борлиги билан изоҳланган эди.
Мавжуд тарихий ҳужжатларда қайд этилишича, аслида ҳам ўша даврда Туркистонда, айниқса, Самарқандда ноёб қадимий ашёларнинг талон-торож қилиниши авжига чиққан. Ҳатто, улар билан савдо олиб бориладиган махсус бозор ҳам мавжуд эди. Оқибатда қадим шаҳарнинг тарихига алоқадор ашёлар Россия, Франция, Буюк Британия, Германия, АҚШ давлатларига олиб чиқиб кетилди ва ҳозиргача у ердаги музейлар экспозицияда сайёҳларни мафтун этган ҳолда намойиш этилмоқда.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази фаолияти йўлга қўйилиб, Ўзбекистоннинг хориждаги маданий бойликларини ватанимизга қайтариш бўйича ишлар бошланди. Ўйламизки, ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутган Соҳибқирон Амир Темур мақбарасига тегишли мармар лавҳа тақдири ҳам ушбу марказ эътиборидан четда қолмайди.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.