Амир Темурнинг Кўксаройида ўтказилган қазишма ишлари натижасида нималар аниқланди?

Амир Темур саройининг жойлашиш ўрнини комплекс тадқиқ қилиш, Арк ҳудудида бунёд этилган Кўксарой ўрнини аниқлаш мақсадида Самарқанд археология институти олимлари томонидан тадқиқот ишлари олиб борилди.

Бир йил давом этган қазишма ишлари аввалида ҳудуд GPR ёрдамида тадқиқ этилиб, 25 дан зиёд жойда шурфлар ташланди. Бироқ  ҳудуд ўтган вақт давомида кучли ўзгаришларга учраганлиги, турли хил коммуникация тизимлари ишга туширилганлиги учун тадқиқоқ етарли самара бермади. Аркнинг шарқ қисмида олиб борилган қазишмалар ушбу ҳудуд кучли бузилганлиги, 2-3 метрга қадар қурилиш чиқиндиларидан иборат эканлиги ва кейинги 40-50 йил давомида сурилганлиги қайд этилди.

Хусусан, қазишма жараёнида ҳудуддаги “Зилол бахт” ресторани боғи ҳудудида ер сатҳидан 2-2, 30 метр пастда 1880 йилларда бунёд этилган казарма поллари кузатилди. Марказий қисмида олиб борилган қазишмаларда эса пишиқ ғиштдан қилинган пойдевор деворлари, 2,5  метр чуқурликда пишиқ ғиштлар билан қопланган пол сатҳлари кузатилди. Лекин ушбу ҳудудлар ташқи таъсирга учраганлиги сабабли фрагментар ҳолда сақланган.

Дастлабки маълумотлар таҳлили ушбу аниқланган архитектура қолдиқлари XIX аср иккинчи ярми билан даврлаштирилди. Яъни, кейинги 150 йил давомида Аркнинг айрим жойларида ер сатҳи 2-2,5 метрларга қадар кўтарилганлигини кўриш мумкин. Ёзма манбалар ҳамда картографик маълумотлар таҳлили, олиб борилган археологик қазув ишлари ва тадқиқотлар натижаси  асосида қуйидаги хулосаларни билдириш мумкин. 

Биринчидан, 1371 йилда бунёд этилган Амир Темур арки — Арки олия салтанат пойтахти сифатида Самарқанднинг бош маъмурий маркази сифатида шаклланиб, давлат бошқаруви, ҳарбий ишлаб чиқариш, хазина сақлаш ва расмий маросимларни амалга оширишда муҳим вазифаларни бажарган.

Иккинчидан, Арк XVI аср охири XVII аср бошларидан вайронага айланиб, Аркдаги Кўксарой, Бўстонсарой ўз аҳамиятини йўқотганлиги туфайли вайронага айланишни бошлаган.

Учинчидан, XVIII асрда Арк вайрона ҳолатда бўлиб, бу Мир Муҳаммад Амин-и Бухорий ва Ҳумулий маълумотлари билан тасдиқланади. Жумладан, Кўксаройни ҳам бу даврда фақат пойдевори қолган.

Тўртинчидан, XIX асрдан бошлаб қайд этила бошланган Кўксарой катта эҳтимол билан XIX  аср биринчи ярмида Амир Шоҳмурод ёки унинг ўғли Амир Ҳайдар даврида қурилган. Бундан ташқари, А.Вамбери, А.Хорошхин каби олимлар ҳам Кўксарой бундан узоғи билан 100 йил олдин қурилган, деган маълумотни берган.

Бешинчидан, 1982 йил ҳамда 2025 йилда 2-2, 30 метр чуқурликда аниқланган пишиқ ғишт билан қопланган сатҳ XIX асрга мансуб Кўксарой мажмуаси билан билан боғлиқ бўлиб, у XVII-XVIII аср маданий қатламлари устига жойлашган.

Олтинчидан, XIX асрдан бунёд этилган Кўксарой мажмуаси Амир Темур даврида қурилган сарой қолдиқлари устига қурилган бўлиб, бу ҳолат уни ер сатҳидан 4 метр чуқурликда излаш лозимлигини кўрсатади.

Еттинчидан, Кўксарой фақат бир бино эмас, балки йирик мажмуа бўлиб, у ҳозирги кунда катта эҳтимол билан “Зилол Бахт” ресторани, унинг атроф ҳудуди ва ресторан олдидаги майдонни қамраб олади.

Тадқиқотларни давом эттириш керак

Амир Темур арки нафақат Самарқанд, балки бутун Марказий Осиё шаҳарсозлиги ва давлатчилик тарихида муҳим ўрин тутади. У Темурийлар даврида шаклланган марказлашган давлат модели, ҳокимият рамзлари ва шаҳар муҳити ўртасидаги ўзаро боғлиқликни англашда муҳим илмий манба ҳисобланади. Арк ҳудудини комплекс археологик ўрганиш ва илмий асосланган консервация қилиш ишлари келгусида қўшимча археологик ва манбашунослик тадқиқотлар ўтказиш зарурлигини кўрсатади.

Жумладан, Кўксарой мажмуаси ўрни тахминан 150 метр радиусда жойлашганлигини ҳисобга олган ҳолда бир неча йилга мўлжалланган қазишма ишларини олиб бориш, қазишма асосида аниқланган бино пойдеворлари асосида мажмуа ва саройнинг тузилишига аниқлик киритиш ҳамда уни визуал қайта тиклаш, Кўксарой билан боғлиқ маҳаллий манбалар билан бирга турк, хитой ҳамда картографик маълумотлар билан ишлашни давом эттириш керак.

Мўминхон Саидов,

Самарқанд археология институти директори.