Ангела Меркель Беларусда ҳибсга олинган намойишчилар озод этилишини талаб қилди

Германиянинг Федерал канцлери Ангела Меркель Беларусда ҳибсга олинган намойишчиларни зудлик билан ва қўшимча шартларсиз озод этилишини талаб қилди. Шу билан бирга у Беларусда намойишчиларга нисбатан қўлланилаётган зўравонликларни қаттиқ танқид қилди. Бу ҳақда Германия Федератив Республикаси ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Зайбет, 14 август куни Берлинда ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Канцлер биринчи навбатда минглаб одамлар шунчаки тинч намойишга чиққанлиги учун ҳибсга олинганини танқид қилмоқда, у ҳибсга олинганларга нисбатан қўлланилаётган зўравонликлардан қаттиқ ранжиди... Ангела Меркель ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини билдирди”, - деди Зайбет.

13 август куни тунда намойишларда ҳибсга олинган намойишчилар Минск вақтинчалик ҳибсда ушлаш Марказидан озодликка чиқарила бошлади. Озодликка чиқарилган фуқаролар оммавий равишда уларга нисбатан қўлланилган калтаклаш, таҳдид ва зўравонликлардан шикоят қилдилар.  Айрим фуқаролар жароҳат изларини кўрсатдилар.