“Ақлли” газ ҳисоблагичнинг афзаллиги нимада?
Гап Самарқанд вилоятида барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишга мўлжалланган замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатилиши ҳақида бормоқда. Бу борада “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори Олим Исоқуловнинг изоҳи қандай?
Аввало, айтиб қўяйлик, аҳолига табиий газ етказиш тизимини янада яхшилаш мақсадида “ақлли” газ ҳисоблагичлар бепул ўрнатилмоқда. Хусусан, вилоят бўйича шу йилнинг 20 январь ҳолатига 18 616 дона “ақлли” газ ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди, 15 422 дона газ ҳисоблагич кўрсаткичлари онлайн биллинг дастурига уланди. Шу йилнинг январь-июль ойларида 192 487 дона газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бу юмушни бажариш учун 97 та пайвандчи ва чилангар бригада ишламоқда.
- “Ақлли” ҳисоблагич ўрнатилса, ортиқса сарф ёки қаздорлик бўлмайди, - дейди О.Исоқулов. - Сабаби, ҳисоблагичда алоҳида сим карта ўрнатилган бўлиб, истеъмолчи ҳисоб рақамида тўлов маблағи кам қолганда унинг телефонига огоҳлантирувчи СМС хабар келади. Тўлов амалга оширилмагач, тизим автомат тарзда ўчади. Яна бир афзаллиги, фақат иш кунлари тизим ўчирилади, ҳароратга қараб газ ўтказади, саккиз йилда бир марта қиёслов кўригидан ўтказилади.
Муҳими, маълумотлар 90 кун мобайнида сақланади, электрон тизим бўлгани боис, фойдаланилган газ ҳисобини ортга қайтариб бўлмайди, мабодо қурилмага тегинилса, тизим автомат равишда ўчирилади. Бу ўз-ўзидан табиий газдан ўғринча фойдаланишга йўл қўймайди.
Ҳисоблагични хавфсиз сақлаш учун алоҳида қути ҳам ўрнатиляпти. Биллинг тизимига киритилган барча истеъмолчиларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “O῾sten” русумли газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Дарвоқе, тармоққа янгитдан уланган истеъмолчилар газ ҳисоблагични ўз маблағига, яъни қурилманинг газ ўтказиш ҳажмига қараб 1,2 миллион сўмдан 1,7 миллион сўмгача сотиб олишлари мумкин.
Муҳими, ўрнатилаётган қурилма истеъмолчилар сарсонгарчилигининг олдини олади. Яъни, фойдаланилган газ тўловини амалга ошириш учун газ идорасига боришга ҳожат йўқ. Электрон ўтказмалар орқали маблағни уйда туриб амалга ошириш мумкин.
Бепул ўрнатилаётган электрон газ ҳисоблагичлар шу йилнинг 1 март санасигача Самарқанд ҳамда Каттақўрғон шаҳарларида яшовчи аҳоли хонадонларига ўрнатилиши белгиланган.
Ҳусан Элтоев.