АҚШ давлат тўнтарилиши бўлиб ўтган Мали билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди
АҚШ Малида бўлиб ўтган ҳарбий давлат тўнтарилишидан сўнг, мамлакат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги америкалик махсус элчи Питер Фама берган хабарга таяниб маълум қилди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, африкалик ҳарбийларнинг АҚШ томонидан таъминланадиган доимий машғулотлари ва уларни қўллаб қувватлаш ишлари вазиятга ойдинлик киритилгунига қадар тўхтатилади. Маълумки, АҚШ Мали маҳаллий армияси билан фаол ҳамкорлик олиб борган ва Мали шимолидаги исломчиларга қарши “Бурхон” тадбирини ўтказишга кўмаклашган.
Бир муддат олдин Американинг Daily Beast нашри Малида амалга оширилган ҳарбий тўнтаришда Россиянинг эҳтимолий алоқаси борлиги ҳақида хабар берди. Мали армияси томонидан бир қатор исми айтилмаган манбаларнинг сўзларига кўра, исён етакчилари Малик Диав ва Садио Қамара гўё узоқ муддат давомида Россияда ҳарбий тайёргарликларни амалга оширган ва ҳукуматни эгаллашдан бир ҳафта олдин ватанга қайтган. Россия Федерацияси Кенгаши аъзоси Олег Морозов бундай фикрларни “аҳмоқона”, деб атади.
АҚШ Малида бўлиб ўтган воқеаларни қаттиқ танқид қилди ва ҳибсга олинган давлат арбоблари ва уларнинг оила аъзоларини озод этилишини, шунингдек мамлакатда конституцион барқарорлик тикланишини талаб қилди.