АҚШ коронавирусга қарши дори воситасининг деярли барчасини сотиб олди
АҚШ коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда қўлланиладиган ремдесивир дори воситасининг дунёдаги 90 фоиз захирасини сотиб олди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Дональд Трамп маълум қилди.
Давлат раҳбари ушбу дори воситаси қойилмақом таъсирга эга эканлигини, шу сабабдан ҳам президент маъмурияти восита захираси назоратини таъминлаганини таъкидлади. ОАВ берган хабарларга кўра, АҚШ ремдесивир воситасининг дунёдаги деярли уч ойлик захирасини сотиб олган. Яқин орада бошқа мамлакатлар мазкур дори захирасини етарли даражада таъминлай олмайди.
АҚШдан ташқари, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Исроил, Буюк Британия каби мамлакатларда ушбу восита коронавирусга қарши асосий дори воситаси сифатида қўлланилади.
Бироз илгари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош илмий ходими Сумия Сваминатан ремдесивирни коронавирусга қарши ягона самарали ва умидбахш дори деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, ушбу дори шифохонага ётқизилиш сонини камайтирмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам ремдесивир коронавирусга чалинган беморлар соғайишини тезлаштираётгани АҚШнинг аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти мутахассислари томонидан май ойида исботланган эди.