АҚШ мамлакат ҳудудида илмий тадқиқот олиб бораётган xитойлик ходимлар ва талабаларни ”тозалаш”га киришди

АҚШ Адлия вазирлиги Америка университетларида фаолият олиб бораётган тадқиқотчи ва талабаларни текширишни бошламоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg.

АҚШ фикрича, аслида Хитой Халқ Озодлик армияси аъзолари бўлган кўплаб тадқиқотчи ва талабалар АҚШ ҳудудида ўзларининг Хитой ҳарбий кучларига алоқадорлигини яширган ҳолда фаолият олиб бормоқда ва улар Хитой коммунистик партиясига ишлашмоқда. «Бу Хитой коммунистик партиясининг очиқ жамиятимиздан ва илмий муассасалардан фойдаланиш режасининг яна бир қисми. Биз ушбу терговни ФҚБ билан биргаликда давом эттирамиз», деб таъкидлади Бош прокурорнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жон Демерс ўз баёнотида.

Аввалроқ, АҚШ виза аризасида ёлғончиликда айбланган Девисдаги Калифорния университети илмий ходими Хуан Тангни ҳибсга олганди ва бу воқеа АҚШ-Хитой муносабатларининг ёмонлашувини яна бир муҳим нуқтаси сифатида қабул қилинганди. Хуан Тангга, шунингдек, АҚШ интеллектуал мулкини ўғирлаш ва Хитой коммунистик партиясига алоқадорлик сингари айблар қўйилмоқда.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги эса ушбу воқеаларга нисбатан норозилигини билдирган ва АҚШ ҳукуматидан зудлик билан хитойлик тадқиқотчилар ва талабаларни текширишни тўхтатишни талаб қилган.

АҚШ Адлия вазирлиги эса ўз баёнотида яна 25 шаҳарда тадқиқотчилик учун виза олган хитойликлар билан суҳбат ўтказганини маълум қилган. Баёнотда, шунингдек, Калифорния, Стенфорд ва Индиана университетларида тадқиқот учун ёлғон маълумотлар асосида виза олган тадқиқотчиларга нисбатан жиноий иш очилгани маълум қилинган. Уларнинг барчаси аввал Хитойда ҳарбий соҳада ишлаган ва ҳозирда ҳам айнан Хитой ҳарбийлари ва коммунистик партияси учун ишлаётган бўлишлари мумкин.