АҚШ Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларига ёрдам кўрсатди

Америка Қўшма штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қиймати қарийб 400 000 АҚШ доллари бўлган 131 320 килограмм озиқ-овқатни етказиб берди.

Ушбу ёрдам 144 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари орқали 35 000 дан зиёд эҳтиёжманд ўзбекистонликларга етказилади. У коронавирус билан боғлиқ карантин хизматлари кўрсатаётган, кўплаб дориларга чидамли сил билан оғриган беморларга ғамхўрлик қилаётган муассасалар, шунингдек, меҳрибонлик уйлари ва руҳий касалликлар шифохонларига етиб боради.

Витамин ва минераллар билан бойитилиб қуритилган сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотлардан иборат мазкур ёрдам соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя объектлари ҳамда уй хўжаликларида қўлланади. 2009 йилдан буён USAID халқаро озиқ-овқат дастури доирасида Ўзбекистонга қиймати 3,2 миллион доллардан ортиқ бўлган қарийб 1163 тонна озиқ-овқат етказиб берди. Ушбу янги инсонпарварлик ёрдами АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирган 122 миллион долларлик узоқ муддатли сармояси ҳамда сўнгги 20 йил ичида кўрсатган бир миллиарддан ортиқ умумий ёрдамига асосланиб ташкиллаштирилган.

Мазкур кўмак “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва Американинг “Resource and Policy Exchange, Inc. (RPX)” нодалат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда тарқатилади. “Соғлом авлод учун” дастури Ўзбекистон Республикасида аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам кўрсатиш соҳасида фаолият олиб боради. “RPX”нинг асосий мақсади озиқ-овқат ва дори-дармонлар шаклидаги техник ва номоддий ёрдам кўрсатиш орқали соғлиқни сақлаш стандартлари ва ахборот олиш имкониятларини яхшилашдан иборат.