АҚШ ва Жанубий Корея КХДРга қарши ядро қуролидан фойдаланишни муҳокама қилмоқчи
АҚШ ва Жанубий Корея июль ойида ядровий маслаҳат гуруҳи йиғилишида КХДРга қарши ядро қуролидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилмоқчи, деб хабар бермоқда Шимолий Корея марказий ахборот агентлиги (ЦТАК).
"Апрель ойида Қўшма Штатлар Вашингтон декларациясини - КХДР билан ядровий қарама-қаршилик дастурини тайёрлади. Улар АҚШ-Жанубий Корея "ядро бўйича маслаҳат гуруҳи" йиғилишида давлатимизга қарши ядро қуролидан фойдаланиш масаласини очиқ муҳокама қилишни режалаштирмоқда", - дейилади агентлик хабарида.
Аввалроқ Ренхап агентлиги Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл маъмуриятига таяниб, Жанубий Корея ва АҚШнинг ядровий режалаштириш бўйича янги маслаҳат гуруҳининг биринчи йиғилиши 18 июль куни Сеулда бўлиб ўтишини маълум қилганди.
Апрель ойида Жанубий Корея ва АҚШ раҳбарлари Вашингтон декларациясини қабул қилишган. Унда ядровий ва стратегик режалаштиришни муҳокама қилиш ҳамда Шимолий Корея режими таҳдидларига жавоб бериш учун ядровий режалаштириш бўйича маслаҳат гуруҳини тузишга чақирилган эди. Жанубий Корея, шунингдек, АҚШнинг КХДР томонидан ядровий ҳужум қилинган тақдирда “альянснинг бутун кучи”, жумладан, ядровий қуролни зудлик билан жойлаштириш ваъдасини қўллаган.