АҚШда 136 йўловчиси бор Boeing 737 ни сувга қўндиришди
Голливуд ижодкорлари томонидан суратга олинган "Гудзон узра парвоз" фильмини эслайсизми? Фильм бош қаҳрамони бўлган учувчи йўловчилар билан лиқ тўла бўлган самолётни мажбур бўлиб Гудзон дарёсига қўндиради. АҚШда кеча, 4 май куни шунга ўхшаш воқеа содир бўлган.
Учувчилар Флоридада Boeing 737 самолётини дарёга қўндиришган.
Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий Денгиз Кучлари Бош қўмондонлигининг твиттердаги аккаунтида берилган хабарга таяниб lenta.ru хабар бераяпти.
Маълумотларга кўра, самолёт бортида 136 нафар йўловчи бўлган. Уларнинг аксарияти ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва оғир жароҳатланмаган. 21 нафар йўловчига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Самолёт Miami Air авиакомпаниясига қарашли бўлиб, Жексонвилл шаҳридан АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базасига қараб тижорий рейсни амалга ошираётган бўлган. Самолёт ҳавога кўтарилгандан бироз ўтиб дарёга қўнган.
"АҚШ ҳукумати содир бўлган иш юзасидан суриштирувларни аллақачон бошлаб юборган. Яқин орада учувчилар самолётни нега сувга қўндирганларига ойдинлик киритилади" дейилади хабарда.