АҚШда полициячи қуролсиз қора танли одамни отиб ўлдирди

Огайо штати Колумбус шаҳар полицияси қуролсиз қора танли одамни отиб ўлдирган Адам Кой исмли ходимни ишдан бўшатишга қарор қилди, дея хабар беради NBC News.

“Мен ушбу совуққонларча содир этилган ҳаракатни полициячининг камерасидаги лавҳадан кўрдим. Ва, офицер Койни зудлик билан ишдан бўшатиш керак, деган хулосага келдим. Ушбу қоидабузарлик бегуноҳ одамнинг ҳаётига зомин бўлди”, дейди полиция бошлиғи Томас Кинлан.

Уч кун олдин содир бўлган вазият қурбони 47 ёшли, қора танли Андре Хилл эди. Ҳодиса тунда, у ташриф буюрган дўстининг уйи гаражи олдида турганида содир бўлган. Зобит Адам Кой ва унинг шериги афроамерикаликни кўриб, уни ўғри деб ўйлаб тўхташини талаб қилди. Кейин полициячи чироқни Хиллга қаратди - у ўнг қўлида нимадир ушлаб турар эди. Қора танли полициячига яқинлашган чоғда Кой унга ўқ узди. Кейинчалик маълум бўлишича, эркакда қурол бўлмаган.

Хиллнинг ўлдирилиши кенг резонансга сабаб бўлди ва шаҳарда катта норозилик намойишлари бошланди. Бу ойнинг бошидан буён шаҳарда содир бўлган иккинчи шундай ҳодиса. Бундан олдин афроамерикалик Кейси Гудсон уйи олдида отиб ўлдирилган эди.