АҚШда юз берган оммавий намойишлар COVID-19 инфекциясининг кенг тарқалиб кетишига олиб келмади

Бу ҳақда Wall Street Journal нашри ўтказилган дастлабки текширувларга таяниб хабар берди.

Жорж Флойд ўлими сабабли вужудга келган тартибсизликлар марказига айланган Миннесотада 3,2 мингдан ортиқ намойишчилар коронавирус тест таҳлилидан ўтказилди. Натижаларга кўра, бор йўғи 1,8 фоиз текширувдан ўтказилганларда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бундан ташқари, 8,5 минг нафар намойиш иштирокчилари алоҳида тест таҳлили топширишди. Бу гуруҳда ҳам атиги 0,99 фоиз касалланиш ҳолати аниқланди.

Бўлиб ўтган намойишлар сабабли фуқароларни коронавирус инфекцияси тест таҳлилидан ўтказиш амалиёти кенг қўлланилаётган Нью-Йоркда сўнгги 7 кундан бери аниқланган касалланиш даражаси 3 фоиздан кўтарилмаяпти. Касалхонага ётқизилиш статистикаси бўйича ҳам пасайиш кузатилмоқда.

Сиэтл ва Чикаго шифокорлари ҳам намойишлардан сўнг коронавирус билан касалланиш ҳолати ошмаганини ва вазиятни кузатишда давом этаётганларини маълум қилишди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Миннеаполис штатида афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан ҳибсга олинаётган вақтда вафот этганлиги сабабли дастлаб АҚШнинг йирик шаҳарларида, кейин бир қатор бошқа давлатларда ҳам ирқчилик ва миллатчиликка қарши норозилик намойишлари авж олди.