АҚШнинг Вашингтон штатида 2 мингдан ортиқ одам алоҳидалашга қарши намойишга чиқди
2 мингдан 2,5 мингача бўлган одам коронавирус пандемияси хавфи туфайли уйда қолиш (алоҳидаланиш) чораларини бекор қилишни талаб қилиб, АҚШнинг Вашингтон штати марказидаги Капитолия майдонига норозилик намойишига чиқди, деб хабар берди Seattle Times нашри.
Нашр хабарига кўра, чекловлар 4 майгача амал қилади ва эҳтимол узайтирилиши ҳам мумкин. Штатда 12 минга яқин касалланганлар аниқланган.
Норозилик намойишини республикачилар партияси ташкиллаштирган. Партия аъзоси Роберт Сазерлэнд агар ҳукумат балиқ овини тақиқлашга ўринса, одамларни “исён кўтаришга” чақирган.
Газетанинг ёзишича, норозилик намойишига штат губернатори Жей Инзли чиқарган буйруқ сабаб бўлган. Хусусан, намойишчилар 50 кишидан ортиқ одам тўпланишини тақиқловчи бандни бузган. Шу билан бирга, ижтимоий масофани сақлаш ва ниқоб тақиш қоидалари ҳам бузилган. Губернатор ўтказилган намойишга қарши ўз фикрини билдирди.
“Мен сўз эркинлиги тарафдориман. Аммо оломоннинг сўзлари ва ҳисоб-китоблари бизнинг йўналишимизни аниқламайди. Масала сиёсатда эмас. Масала фақатгина Вашингтон аҳолиси соғлиғини сақлаш учун энг маъқулларини қилишда”, таъкидлади Инзли.
Вашингтон полицияси берган маълумотга кўра, намойиш тинч ўтган ва ҳеч ким ҳибсга олинмаган.