Авлиё эмас, астроном эди

Илм-фан ривожи учун ўз даврининг ёрқин юлдузи Аҳмад Дониш нафақат маърифатпарвар, балки табиий фанлар ва астрономия бўйича чуқур билимга эга олим сифатида танилган.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирлиги тараққийпарвар арбоблари орасида ўзининг ижобий ғоялари билан шуҳрат қозонган, асл исми Аҳмад ибн Мир Носир ибн Юсуф ал-Ҳанафи ас-Сиддиқий ал-Бухорий бўлган, аммо “Аҳмад Калла”, “Муҳандис”, “Аҳмад Махдум” номлари билан ўз замонасининг энг илғор фикрловчи маърифатпарварига айланган Аҳмад Дониш 1827 йилда Бухоро шаҳрининг Кўчаи Сангин гузаридаги ўртаҳол мударрис оиласида туғилган.

“Дониш” унинг адабий тахаллуси бўлиб, ташқи кўринишида бош қисми катталиги учун замондошлари уни “Аҳмад Калла” деб ҳам аташган. Табиий ва аниқ фанларни яхши ўзлаштирганлиги ҳамда бир неча ихтиролари туфайли Аҳмад Дониш илм аҳли орасида “Муҳандис” тахаллусини ҳам олган.

Аҳмад Дониш фалакиёт илмида ҳам қатор асарлар яратган бўлиб, жумладан, “Мунозир ал-Кавокиб” (“Юлдузларни кузатиш”) асарида фалакиёт илмига оид муҳим масалаларни ёритди. У ўз асарларида табиат ҳодисаларини илмий жиҳатдан асослаб берган. “Бизнинг қилган тадқиқотларимиз юнон ҳукамоларининг мазҳабига мувофиқдир. Бутун ҳукамоларнинг айтишларича, ернинг шакли куравий, яъни юмалоқдир. Фалаклар унсурлари дол ўртасида ҳеч нарсага суянмай муаллақ турадилар”. Бу ерда аллома Ернинг айлана шаклда эканлиги, сайёраларнинг тинимсиз ҳаракати, Ой ва Қуёш тутилиши, ер қимирлашининг илмий таҳлиллари борасида фикр юритиб, ушбу ҳодисаларнинг барчаси табиий жараён эканлиги ва уларни олдиндан айтиб бериш мумкинлигини таъкидлаган.

Алломанинг фикрича, Ер қимирлаши ернинг ўртасида жойлашган иссиқ пар массаси ҳаракатга келиши натижасида содир бўлади. Аҳмад Дониш “Наводир ул-вақое” асарида маъданлар, булоқ сувлар, тоғларнинг пайдо бўлиши, Ернинг таркиби хусусида ўз фикрларини баён этар экан "ернинг ичи уч қатламдан таркиб топганлигини, биринчи қатлам қуруқ тупроқ, иккинчиси ёпишқоқ лой, учинчиси қатлам эса саҳро тош қатламларидан иборат эканлигини, аммо ер марказининг ўзи эса қизғин, сассиқ буғ билан тўлдирилган ва у ичи бўш тарвузга ўхшашлигини” эътироф этади.

Аҳмад Донишнинг фикрича, ер ва сайёралар мураккаб жисмлар сирасига кириб, ой-кун тутилиши илоҳий бир иш, ғайритабиий ҳодиса эмас, балки табиий жараёндир. Садриддин Айний ўз “Эсдаликлар”ида Аҳмад Донишнинг кун тутилиш ҳодисасини олдиндан илмий жиҳатдан аниқ вақти ва соатигача айта олганлигини ажабланиш билан баён этган. “Бунча дақиқадан кейин ой яширинади, бунча дақиқадан кейин ой бети очилади. Айтган дақиқада ой юзи очила бошлади. Айтган дақиқадан кейин ой қоронғулигидан ҳеч бир асар қолмади”. Саводсиз оломон Донишни авлиё деб атаганларида Садриддин Айний уни авлиё эмас, астроном эканлигини айтади.

Аҳмад Дониш ўрта асрларга хос қарашларни қатъий инкор этиб, зилзилаларнинг табиий сабабларини ўрганиш устида ҳам самарали тадқиқотлар ўтказган. Жумладан, “Зилзилалар сабабсиз бўлмайди. Зилзила сабаби ер марказида қуйи иссиқ масса – буғ ҳаракатидандир”, деб тушунтиради.

Аҳмад Дониш нафақат маърифатпарвар, балки табиий фанлар ва астрономия бўйича чуқур билимга эга олим эди.

Шуҳрат Бозоров,

СамДЧТИ гуманитар фанлар ва ахборот технологиялари кафедраси доценти.