Автобуслар ҳаракатини бошқаришда янгича тизим керак

Кеча Самарқанд шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатувчи “Isuzu” ҳайдовчиларининг келишмовчилиги фожиа билан якун топгани кейинги вақтда “камикадзе-автобуслар” пайдо бўлганини яққол кўрсатиб қўйди.

Вилоят сессияларида Транспорт бошқармаси бошлиқлари жуда кўп маротаба саволларга тутилган, танқид қилинган. Лекин масалани сессияда кўриш билан сезиларли ўзгариш бўлгани йўқ.

Жамоат транспортини хусусий тадбиркорларга бериш мулк эгасида иқтисодий фойда кетидан қувишдан бошқасини ҳосил қилмаяпти. Хизмат кўрсатиш сифати ўта ночор. Охирги воқеалар ҳайдовчиларнинг психологик ҳолатини ҳам савол остида қолдиряптики, балки бу уларга муайян босимлардан нишонадир, десам жуда юмшоқ гапирган бўламан.

Сифатсиз хизматдан ташқари йўллардаги тирбандлик фонида бир-бирини қувишга интилиш – хавф пайдо қилиш, кечки соатларда ишламаслик, янги йўналишлар очиш борасида аҳоли фикрларини инобатга олмаслик, хизмат ҳақи қайтимлари билан боғлиқ ҳолатлар транспорт соҳаси келтираётган фойдадан кўра жамият учун ижтимоий зиённинг ўн чандон ортиқлигини англатади.

Имконияти бор одам шахсий машинасида ўз кунини кўриб юради, у бунга бефарқ, деганлар адашади. Камикадзе-автобуслар нафақат пиёдалар ва йўловчилар, балки шахсий автоуловлар учун ҳам тобора хавфли бўлиб бормоқда. Тизимда бурилиш қилиш учун ўша автобус ўз хизмат машинасида кетаётган бирор “каттакон”нинг устига тушиб кетишини кутиш керакми, деган қўшимча савол ҳам туғилади. Балки транспорт бошқармаси бошлиғини автобусда йўловчи бўлишга ёки автобус ҳайдовчиси бўлишга ундаш керакдир.

Бу ҳақда жамоатчилик вакиллари, фаоллар, блогерлар томонидан кўп маротаба фикрлар билдирилди. Лўнда қилиб айтганда, гапирмаган одам қолмади.

Жамоат транспорти ҳинд сигирларидек сокин бўлишлари керак (Ҳиндистонда сигир сўйилмаслиги, гўшти ейилмаслигини яхши биласизлар – балки шундандир, улардаги сигирлар бир қадар ювош ва сокин). Транспорт тизими эса уни ислоҳ ва қулай қилишда фаол бўлиши керак. Бошқаларни билмадим-у, лекин мен аксини кузатяпман.

Вилоят бюджети мисқоллаб йиғилмоқда. Лекин жамоатчилик транспорти дотацияга ўтилиши керак. У ижтимоий неъмат ва давлатда урбанизация сиёсатининг муҳим бўлаги сифатида кўриладиган вақт келди.

Шоҳрух Жўрақулов,

халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.