Автомобиль салонларига резинали гиламча ишлаб чиқарувчи цехда ёнғин содир бўлди

2019 йилнинг 3 октябрь куни соат 11:26 да Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Нурафшон МФЙ, Охунбобоев кўчасида жойлашган Квинт МЧЖга қарашли автомобил салонларига резинали гиламча (полик) ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Хабар асосида воқеа жойига 7 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга етиб борганда, ишлаб чиқариш цехининг фаолияти тўхтатилган ёрдамчи биноси очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган.

Ёнғин соат 12:05 да ўраб олиниб, 13:38 да бартараф этилган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиндан цехнинг 300 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида ишлаб чиқариш цехи ёрдамчи биносининг 150 квадрат метр майдони ёниб зарарланган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмасининг хабар беришича, ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.