“Ахсикент археология парки” қадимий Фарғона пойтахти саналган Ахсикент тарихидан "сўзлайди"
Вилоят ахборот-кутубхона марказида тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоев муаллифлигидаги “Ахсикент археология парки” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Туризм қўмитаси мутахассиси Темур Мирзаев, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов, тарихчи олим Амриддин Бердимуродов, "Ахсикент" тарихий мажмуаси раҳбари Анвар Икромов, шунингдек, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Қадимшунос олимлар томонидан “Фарғона Афросиёби” дея таъриф берилган Ахсикент ёдгорлиги Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги кўҳна Ахсикент шаҳри харобалари узоқ вақтлардан буён тарихшунос олимларни қизиқтириб келади. Икки ярим минг йиллик тарихга эга Ахсикент дунё илм-фани тараққиётига муносиб улуш қўшган алломалар, хусусан, темурийлар сулоласининг забардаст вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур вояга етган кент сифатида машҳур. 1620 йилдаги кучли ер силкиниши гуллаб-яшнаган Ахсикентни тамоман вайронага айлантирган бўлса-да, унинг номи асрлар қаърига сингиб кетмади. Ахсикентни археологик жиҳатдан ўрганиш ишлари XIX аср охири ва XX аср бошларидан бошланган. Академик Яҳё Ғуломов ва археолог Инқилоб Аҳроров мазкур тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлигини, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур камолга етган Ахсикент эканлигини исботлаганлар. Бу ерда қазишма ишларини олиб бораётган тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоевнинг амалий меҳнатлари эвазига ёдгорлик ҳудудида саккизта янги объект очилди. Ушбу объектлар очиқ осмон остидаги саккизта музейга асос бўлади.
- Буюк ипак йўли ёқасидаги қадимий Ахсикент ҳақидаги нодир маълумотларни ўзида жамловчи китоб чоп этиш ташаббуси давлатимиз раҳбарининг Ахсикентга ташрифи чоғида берилганди, - дейди Туризм қўмитаси мутахассиси Т.Мирзаев. - Ўтган давр мобайнида унинг устида катта жамоа пухта иш олиб борди ва учта - ўзбек, инглиз ва рус тилидаги ушбу нашр дунё юзини кўрди. Китоб тақдимоти Самарқандда 16-20 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган БМТ Жаҳон туристик ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси арафасида ташкил этилаётгани бежиз эмас. Халқаро тадбирлар доирасида хорижлик сайёҳларга юртимиздаги яна бир сайёҳлик маркази – Ахсикент туризм манзилини тақдим этишни мақсад қилганмиз. Бу тарихий ва зиёрат туризмини янада ривожлантиришда, Фарғона водийсида сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу қадимий шаҳар ўрнида Марказий Осиёдаги энг катта музей ташкил этиляпти. Ахсикентни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, халқаро сайёҳлик йўналишларига киритиш кўзда тутилган. Шаҳарнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилади. Умаршайх Мирзо ва Заҳириддин Бобурнинг ҳайкали бунёд этилади. Сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилади. Туризм шаҳарчаси концепциясидан иккита меҳмонхона, карвонсарой, ресторан ва овқатланиш тармоғи, миллий ҳунармандчилик расталарини ўз ичига олган марказ, Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси маъмурий биноси, зарур инфратузилма, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.
- Ахсикент археология парки яратиш бўйича ўрганишлар натижасида у нафақат тарихий обида, балки ўзида 15 хил туризм маҳсулотини таклиф этадиган марказ бўлиш имкониятига эга, деган хулосага келинди, - дейди Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси раҳбари Анвар Икромов. - Тарихни севадиганлар учун археологик топилмалар, очиқ осмон остидаги музейлар мажмуаси, Сирдарё балиқлари ресторанлар тармоғи, водий ноёб қўлёзмалар кутубхонаси, зиёрат туризми объектлари, Чуст пичоғи, қиличлари устахоналари, Қўқон ипак қоғози маркази, Ахси кулолчилик устахоналари, Этно-мода маркази, камончилик, чавандозлик ва бошқа миллий ўйинларни ўз ичига олувчи этно-спорт марказларини ташкил этиш шулар жумласидан.
Ахсикент мажмуаси бош режасига кўра, унинг тадқиқот олиб борилган объектларидан очиқ осмон остидаги музейлар қуриш, ҳудудда барпо этиладиган туристик мажмуа лойиҳаси учун 30 миллион доллар маблағ ажратилади.
Тарихий китоб тақдимотида, шунингдек, сенатор Ф.Тошев, Самарқанд археология институти директори М.Саидов, институт етакчи илмий ходими Амриддин Бердимуродовлар ушбу китоб-альбомнинг мамлакатимиз тарихини ўрганиш ҳамда бугунги кунда сайёҳларни юртимизга ташрифини оширишдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида гапирди.
С.Мардиев,
Б.Мустанов (сурат, видеолавҳа).