Аёл шаънини ким ҳимоя қилади?

Қарийб олти минг нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди, дея эълон қилинган рақам ортида шунча хотин-қизларнинг шаъни, қадр-қиммати, ожизлигига (аёл жисмонан ожиз) нисбатан зўравонлик бор. Бу шунча аёл ҳимояга олинди, уларга ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатилди, деганидир. Гарчи ҳимоя ордери берилиши янгича тартиб бўлса-да, аммо у билан боғлиқ рақамлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Аслида бу рақамларнинг ошиши аёлнинг ўз ҳуқуқини талаб этаётгани билан, йиллаб бу ҳақда гапирилмайди, мумкин эмас, деган тамғаларни узаётгани билан боғлиқ. Чунки зўравонлик ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиши керак, деган қадрият эмас. Аёлнинг мудом таҳқирланиши ва буни ичига ютиши ўзбекчилик эмас. Бу – жамиятни катта бир муаммоларга дучор этадиган оғир хасталик. Бугун ниҳоят баралла айтилаётган ва жамият унга қарши биргаликда курашаётган жиддий хасталик.
- Шу йил бошидан бошлаб вилоятда 5563 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилган бўлиб, ўтган йили бу рақам 2782 тани ташкил этган, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи ўринбосари, подполковник Нигора Ёдгорова. -Турли зўравонлик, тазйиқ ва ҳақоратлардан жабрланган хотин-қизлар сони 2762 нафарни ташкил этди. Жабрланган хотин-қизлар орасида энг кўпи 31-40 ёшлардаги аёллар саналади. Ундан кейин 18-30 ёшлилар ҳам катта қисмни ташкил этади. Табиийки, ҳимоя ордери берилди, дегани билан у аёл тўла ҳимояга олинди, дегани эмас. Асосий фаолият шундан кейин бошланади. Маҳалла хотин-қизлар фаоли, ижтимоий хизмат ходими билан ҳамкорликда ҳимоя ордери берилган аёлга зарур бўлган ёрдамлар кўрсатилади. Чунки оилага кириш, улардаги вазият билан ҳисоблашишда маҳалла фаолларининг ўрни катта. Баъзи оилаларга бир-икки бориб, масалани ётиғи билан тушунтирсангиз, мисоллар келтирсангиз, хатосини тан олиб, оиласидаги вазият ўзгариши мумкин.
Шунинг учун ҳимоя ордери берилиши натижасида 1206 оила яраштирилди, 1350 та оилада эса низолар бартараф этилди. Аммо шундай оилалар бўладики, уларга тушунтириш ишларининг фойдаси йўқ, хонадондаги муаммолар кенг жамоатчилик иштирокида ҳал этилса-да, аммо такрор зўравонлик ҳолати қайд этилади. Шунинг учун бу йил 119 нафар шахсга эса маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласини белгилаш билан биргаликда расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари берилди.
Тазйиқ ва зўравонликларнинг энг катта қисми – 2662 таси оилада содир бўлган. Шунингдек, кўчада 125 та, 20 таси жамоат жойида, 11 таси таълим муассасасида содир бўлган. Шунингдек, ордерларнинг 2195 таси эр-хотин ўртасидаги можаро туфайли берилган бўлса, 128 таси қайнона-келин низолари туфайли, 99 таси қўшнилар туфайли, 276 таси қариндошларга нисбатан, шунингдек, ака-сингил, йигит-қиз ўртасидаги келишмовчилик учун берилган.
Содир этилган зўравонлик турлари ҳақида гап кетганда, уларнинг жуда катта қисми, яъни 1587 таси тазйиқ ҳисобланади, шунингдек, 1082 таси руҳий зўравонлик бўлса, 557 таси таъқиб этиш билан боғлиқ. Шунингдек, жисмоний, иқтисодий зўравонлик бўйича ҳолатлар ҳам мавжуд.
Ҳимоя ордери ҳатто бундан бир неча йил олдин бизга ёт бўлган тушунча эди. Бугун бу ҳимоя ҳужжати берилаётган аёллар сони ортиб бормоқда. Ортиб бораётгани – муаммо кўпайди, дегани эмас, аксинча, оиладаги, демакки, жамиятдаги турли оғир вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
-Туманимизда ҳам ҳимоя ордерлари берилиши кескин ортган, мисол учун, ўтган йили бу рақам 56 тани ташкил этган бўлса, бу йил 97 нафар хотин-қизларга бу ҳужжат берилган, - дейди Нарпай туман ички ишлар бўлими ЖХХ ҲПБ катта инспектори, катта лейтенант Матлуба Эломонова. – Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Ҳимоя ордери тизими бирмунча янги бўлгани туфайли йилдан йилга такомиллаштирилмоқда. Мисол учун, илгари турли тазйиқ ва зўравонликларга учраган аёллар ички ишлар тизимига мурожаат қилганда уларга ҳимоя ордерлари фақат хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан ажратиларди. Эндиликда ҳудудлардаги барча профилактика инспекторлари электрон тарзда жойларда хотин-қизларга ҳимоя ордерлари бериши мумкин. Шунинг учун бундай ордерлар бериш йилдан йилга ошиб бормоқда. Қолаверса, илгари бундай ҳужжат қанча кўп берилса, ўша ҳудуддаги маҳалла хотин-қизлар фаолларининг иш фаолияти етарлича эмас, дея баҳоланар, бу эса уларнинг ойлик маошларига салбий таъсир кўрсатарди. Табиийки, бундай ёндашув аксинча, фаолларнинг ўз ҳудудидаги салбий ҳолатларни яширишига сабаб бўлган. Эндиликда бундай ёндашувдан воз кечилди. Қолаверса, хотин-қизларга ёрдам тизими ҳам такомиллаштирилди. Дейлик, оиладаги жиддий жанжалдан сўнг аёлга ҳимоя ордери берилса-да, аммо у яна ўша ерда қолишга мажбур бўлган. Ҳозирда оиладаги муҳит, вазиятга қараб, шундай аёллар учун ташкил этилган махсус кўмак хоналарига жойлаштириш мумкин. Чунки бундай пайти аёлнинг руҳан ўзини тиклаб олиши учун вақт керак бўлади. Ушбу кўмак хоналарида аёллар уч кун давомида яшаб, тиббий, ижтимоий ёрдам олишлари мумкин. Агар оиладаги муаммолар жуда чуқур ва уларни ҳал этиш узоқ муддат талаб этадиган бўлса, ордери бор аёллар учун бир неча ой яшаши учун ҳудудлараро реабилитация маркази мавжуд.
Бу йилдан бошлаб 18 ёшгача бўлган барча болаларга ҳам ҳимоя ордери берилиши кўзда тутилган. Ота-онаси, васийлари ёки қариндошлари томонидан зўравонлик, тазйиққа учраётган барча болалар ҳимояга олинади.
Хотин-қизларнинг бу каби ҳимояси уларнинг ҳам жиноятга қўл уришининг олдини олади. Сабаби, айнан зўравонликлар натижасида аёллар томонидан турли маиший жиноятлар содир этиш ҳолатлари кўп учрар эди. Мисол учун, туманимизда шу йил хотин-қизлар ўртасида содир этилган жиноятлар сони 34 фоизга камайди.
Дарвоқе, ички ишлар бўлимларида айнан хотин-қизлар билан ишлайдиган инспекторлар фаолият юритиши, маҳаллалардаги ижтимоий хизмат ходимлари, маҳалла хотин-қизлар фаолларининг иш юкламасида аёлларни турли тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ қатор вазифалар ҳам киритилган. Бу эса аёл шаъни, қадри билан боғлиқ масалалар қонуний асосда, аниқ белгиланган тартиб ва қоидалар билан амалга оширилади, деганидир.
Гулруҳ МЎМИНОВА.