Айтсам тилим куяр, айтмасам дилим

Яқинда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида хизмат сафарида бўлганимизда бинолар, савдо ва хизмат кўрсатиш обеъктларида жойлаштирилган ташқи реклама воситалари, пешлавҳалар эътиборимизни тортди.
Барчаси деярли бир хил шакл ва рангда, ярқ этиб кўзга ташланмайди. Улардан фақатгина белги, кўрсаткич сифатида фойдаланилаётгани кўриниб турибди.
Шаҳар маъмурияти вакилидан бунинг боисини сўраганимда Санкт-Петербургнинг тарихий қисмида барча ташқи реклама воситалари, обеъктлар номларини ёзишнинг тартиби белгилаб қўйилгани ва барча унга риоя қилишини айтди.
– Реклама воситалари ва турли хил номлар эмас, шаҳарнинг гўзаллиги, тарихий бинолари, сарой ва музейларимиз сайёҳлар эътиборини тортиши, уларни бор бўй-басти билан кўриши керак, – деди у.
Унинг айтишича, шаҳарда юридик ва жисмоний шахслар томонидан биноларни таъмирлаш, эшик-ромларни алмаштириш, ҳатто деворларни ранглаш учун шаҳар маъмурияти томонидан тасдиқланган тартиб, белгиланган ранглар бор экан.
Ана шу гап туртки бўлди-ю, Самарқандга келганимдан сўнг шаҳарни айланиб, биноларимиздаги ташқи реклама воситаларига назар солдим. Ва афсуски, бизда ҳали бу борада кўп ишларни амалга ошириш, қатъий тартиб-қоидаларни жорий этиш зарурлигига ишонч ҳосил қилдим.
Албатта, бизда ҳам “Реклама тўғрисида”ги Қонун бор ва унда ташқи реклама ва ахборот обеъктлари (конструкциялари)ни жойлаштириш тартиби белгилаб қўйилган.
Хусусан, қонуннинг 23-моддасида ташқи реклама ва ахборот обеъктлари (конструкциялари) ер участкаларига, биноларнинг, иншоотларнинг ёки улар мажмуаларининг сиртига (томига, олд томонига, деворларига), кўприкларга ва йўл ўтказгичларга, жамоат транспорти бекатларига, шаҳар муҳити элементларига (паркинглар, тумбалар, таксофонларга ва бошқаларга), муайян ҳудуддаги (шаҳар муҳити) ташқи инфратузилманинг бошқа обеъктларига ўрнатилиши мумкинлиги қайд этилган.
Шу билан ушбу моддада Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўрнатиладиган ташқи реклама ва ахборот обектлари (конструкциялари) орасидаги масофалар нормативларини, мулк шаклидан қатъи назар, ер участкаларига, шунингдек, биноларга ёки бошқа кўчмас мулкка ўрнатиш чизмаларини тасдиқлаши белгиланган.
Бунда ташқи реклама ва ахборот обеъктларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилиши керак. Аммо бугун Самарқанд шаҳрининг асосий йўллари ва доим сайёҳлар билан гавжум бўладиган ҳудудларида тарихий бино ва иншоотлар эмас, реклама воситалари аввало, киши эътиборига тушади. Уларнинг шакли, ранги ва ёзувлари, фойдаланилган воситалар ҳам гўёки ҳар ким ўзи хоҳлаганидек ўрнатиб олгандек тасаввур уйғотади кишида. Уларнинг тили ҳақида-ку гапириш ортиқча – ҳаммаси яққол кўриниб турибди. Ҳатто айрим русча сўз ва номларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилгани қонун меъёрларини ҳар ким ўз билганича талқин қилаётганидан далолат беради.
Яна “Реклама тўғрисида”ги Қонунга назар соламиз. 6-моддада Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши белгиланган (фақатгина белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар, хизмат кўрсатиш белгилари, босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда берилади). Шу билан бирга, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимасини ҳам бериш тартиби қайд этилган. Унга кўра, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак. Таржима матни ҳарфининг ўлчами эса давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши лозим.
Ҳозирча, Самарқанд шаҳрида бу қонун талабларига тўла-тўкис риоя қилинмоқда, деб бўлмайди. Тўғри, жой номлари, йўл кўрсаткичлар ва корхона, ташкилотлар пешлавҳаларини ёзишда қонун меъёрларига риоя этилмоқда. Аммо асосан, хусусий тадбиркорлик субеъктларига тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари номларини ёзиш, ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда қонунбузилиш ҳолатлари учрамоқда.
Самарқанд юртимизнинг асосий туризм дарвозасига айланмоқда. Ҳар йили миллионлаб сайёҳлар, нуфузли делегациялар қадимий шаҳарга ташриф буюрмоқда. Кўплаб халқаро анжуманлар, форумлар ҳам шу азим кентда ўтказилмоқда. Энди шаҳар безатиш, номларни ёзиш ва реклама воситаларини ўрнатишда, аввало, ўзимиз амалдаги қонун ва тартиб-қоидаларимизга қатъий амал қилсак, кейин буни бошқалардан ҳам талаб қилсак, айни муддао бўларди.
Ғолиб Ҳасанов.