“Баньцяо” фалокати: 26 минг кишини ҳалок қилган, 6 миллионта уй-жойни вайронага айлантирган тўғон

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Хуанха дарёсида улкан сув тошқинидан кейин Хитой мамлакатдаги дарёларни ўз назоратига олишга қарор қилди. Хитой олдида турган вазифаларни бажариши учун унга далалар, суғориш учун сув ва электр энергияси зарур эди. Натижада Жухэ дарёси жиловланди.

Пекин жанубидаги Хэнань провинцияси бўйлаб оқиб ўтувчи бу дарёда бир нечта тўғон пайдо бўлди. Жумладан, 1952 йилда “Баньцяо” тўғони қад кўтарди. У даставвал далани сув тошқинидан ҳимоя қилди, кейинчалик унда ГЭС қурилди.

Тўғон тупроқдан тикланган бўлиб, узунлиги 118 метр, баландлиги 25 метр эди. Сувни фавқулодда зарур бўлганида қочириш йўли 1742 м/сек. тезликдаги оқимга мўлжалланганди. Тўғон эса 492 млн. куб/метр ҳажмдаги сув босимини кўтара оларди. Одатда сув омборида атиги 117 млн. куб/метргача сув тўпланарди.

Муҳандислар лойиҳаларидаги ҳисоб-китобларга кўра, “Баньцяо” тўғони минг йиллар сув тошқинларига ҳам дош бера оларди. Бироқ тўғон қурилиши тугар-тугамасдан силжий бошлади. Хатони тузатиш учун СССРдан муҳандислар таклиф этилди. Улар “Баньцяо”ни тиклашди ва у ҳар қандай синовга бардош бера олишини таъкидлашди. Аммо улар ҳам хато қилишганди: қайсар дарёнинг “нозик” феъл-атворини билишмасди. Сув омбори фавқулодда тошиб кетса, сувни қочириш учун лозим бўлган 12 та эҳтиёт сув йўли ўрнига 5 та кифоя, деб ўйлашди.

Хитойлик муҳандис-гидролог Чэнь Син бош вазир ўринбосари Тан Чжан Энлинга хатоларни айтиб, тузатиш лозимлигини билдирди. Бироқ уни ваҳимачиликда айблаб, ишдан бўшатишди. “Баньцяо” тўғони ҳақиқатан ҳам 23 йил - Хитойга “Нина” тўфони ёпирилгунча дош берди...

1975 йилда Хэнань провинциясига бир суткада 1631 мм. ёғин ёғди. Бу йиллик меъёрдан 800 мм. зиёд эди. Тўғонни қўриқловчи ҳарбий бўлинма командири сувни қочириш учун барча йўлакларни очишга рухсат сўраб, ялинди, бироқ унга ҳам қулоқ солишмади. Фожиа рўй бериши муқаррар бўлиб қолганда “Баньцяо” билан алоқа аллақачон узилганди.

1975 йил 8 августда ярим соатдан кейин сув тошқини “Баньцяо” тўғонини ўпириб, уни ер юзидан супуриб ташлади. 7 метр баландлик, 15 км. кенглик, соатига 55 км. тезликдаги оқим йўлидаги қишлоқ ва шаҳарларни водий бўйлаб оқизиб кетди. 6 соат ичида тўғон орқали 15 млрд. куб сув оқиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, 26 минг киши ҳалок бўлди, 11 млн. киши жабр кўрди, 6 млн.та уй-жой, “Пекин-Гуанчжоу” темирйўл тармоғи вайрон  бўлди.

Фожиа шу билан тугамади, тўфон яна 60 та тўғонни бузиб, 29 округдаги далаларни ювиб кетди. Табий офат қаршисида ожиз қолган ҳукумат то ўзига келиб, фожиа оқибатларини тузатишга киришгунча сув босган ҳудудларда очлик, касаллик - дизентерия, вабо, тиф тарқалиб, яна 230 минг хитойликни умрига зомин бўлди.

“Баньцяо” тўғони 1993 йилга келиб тикланди. Фожиа инсон табиатни бўйсундиришга уриниб, ўз кучига ортиқча баҳо бериши хатарли эканлигини кўрсатди.

Т.Шомуродов тайёрлади.