Банк раҳбарининг совуққонлиги беписандликми ёки масъулиятсизлик?
Миллий банк Самарқанд вилоят филиали раҳбари ўз хатти-ҳаракатларини нима билан изоҳлайди?
Ислоҳотлар шиддати, халқимиз ҳуқуқий маданиятининг янада ошиб бораётганлиги, сўз эркинлигига, инсон ҳуқуқларига қаратилаётган эътибор натижасида сайловчилар томонидан янги чақириқ депутатларига қўйилаётган талаблар сифат жиҳатидан ўзгарган. Бунга февраль ойида бўлган қуйидаги мурожаат ҳам яққол мисол бўлади.
Хусусан, “MAGNIT MEDIA” МЧЖ раҳбари, тадбиркор ва блогер Хайрулла Мамасолиев Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “2018-2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Самарқанд вилоят филиали билан кредит маблағлари ажратилишига келишган. Лекин шартномада белгиланган муддат ўтиб кетганига қарамай, айрим мутасаддилар томонидан “индинга келинг”, “эртага келинг”, “бугун кечга ҳал бўлади” қабилидаги баҳоналар билан келишилган маблағ ажратилмаган.
Тадбиркорнинг мурожаатини халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Азиз Аҳроров, Нарзиқул Холиқовлар билан ўргандик. Муаммо йўқ, масала фақат банкда қолган. Шу сабаб, 2020 йилнинг 17 февраль куни банкка йўл қўйилаётган сансалорликка изоҳ сўраб, шунингдек, юқорида келтирилган Вазирлар Маҳкамаси қарорининг ижроси бўйича вилоятда қилинган ишлар бўйича ахборот талаб қилиб, депутатлик сўрови йўлладим.
Шу ўринда, изоҳ бериб ўтмоқчиман. “Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, депутатлик сўровига 10 кундан кечиктирмай, жавоб қайтарилиши лозим. Акс ҳолда мазкур қонуннинг 10-моддасида қайд қилинган “Депутатнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш”га монелик қилинган ҳисобланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига асосан жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Сўровимга 2020 йилнинг 26 март куни, яъни қарийб 40 кундан кейин тадбиркорнинг муаммоси ҳал қилинганлиги ҳақида жавоб қайтаришди. Бироқ талаб қилинган ахборот бўйича маълумот йўқ.
Тўғри, тадбиркор муаммосининг ҳал қилинганлиги кишига мамнуният бағишлайди. Лекин сўров муддатига эътиборсиз бўлган мутасаддилар жавобгарликка тортиш чораларини кўрмаганлигимиз учун “андишанинг отини қўрқоқ”қа чиқармаслиги керак. Аввало, ўзини ҳурмат қилган раҳбар қонун талабларига бундай совуққонлик билан қарамайди.
Шу ўринда, давлатимиз раҳбари томонидан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашини намунали кенгаш қилиш таклифини билдирганлигини ҳам қайд этиб ўтиш лозим. Назаримда, вакиллик органига ваколат бериш, ўзаро тийиб туриш механизмини ҳудудларда ҳам йўлга қўйиш борасидаги бу ташаббуснинг моҳиятини нафақат ҳар бир депутат, балки ташкилотлар раҳбарлари ҳам теран англашлари лозим.
Шоҳруҳ ЖЎРАҚУЛОВ,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.