Барча мамлакатлар ҳудудлари битта диаграммада таққосланди

Катталиги жиҳатидан дунёдаги континентал гигантлар, кичик орол давлатлар ва ҳудудлар ўз ўлчамлари билан бир биридан кескин фарқ қилади.

Visualcapitalist портали томонидан яратилган янги диаграммада ҳар бир мамлакат (қуруқлик ва ички сув ҳавзалари қўшиб ҳисобланади) ўзининг умумий майдони бўйича тартибланган.

Сайёрадаги энг йирик давлатлар қаторига Россия, Канада, Хитой ва Америка Қўшма Штатлари киради - биргаликда улар Ернинг деярли 30 фоизини эгаллайди.

Ҳудуд катталиги бўйича сўзсиз етакчи Россия давлати. Европа ва Осиёни боғлайдиган 11 соат минтақаси бўйлаб чўзилган мамлакат ҳудудининг 65 фоизидан ортиғи абадий музлик зонасида жойлашган.

Канада кўп жиҳатдан унга ўхшаш: мамлакатнинг шимолий ерлари тундра, тайга ва Арктика иқлими билан қопланган. Шунга қарамай, Канада Статистик бошқармаси маълумотига кўра, давлат аҳолисининг тахминан 66 фоизи АҚШ чегарасидан бор-йўғи 100 километр узоқликда (яқинликда) истиқомат қилади.

Тасвирнинг бошқа томонида майдони бир неча квадрат километрни ташкил этадиган Монако ва Гибралтар каби майда давлатлар жойлашган.

Масалан, атиги 2,1 квадрат километр майдонга эга Монако Ватикандан кейин дунёдаги иккинчи энг кичик суверен давлатдир. Камтароналигига қарамай, князликда 39 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, бу эса уни сайёрадаги энг зич жойлашган ҳудудлардан бирига айлантиради.

Расмий равишда Британиянинг денгиз орти ҳудуди (6,8 квадрат километрдан бироз кўпроқ ҳудудни эгаллайди) ҳисобланадиган Гибралтар Испаниянинг жанубий чеккасида жойлашган бўлиб, у Атлантика океанини Ўрта ер денгизи билан боғлайдиган асосий денгиз нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.