Беҳбудий АҚШ президенти билан нега учрашолмаган?

Муфтий ҳазратлари, гарчи, ўз ватанидан четга чиқиб, олис ўлкага шайланганини сир тутса-да, айғоқчилар унинг сафари­дан хабар топиб, миршаблар ёрдамида ушлаб олишди. Муфтий қамоққа олингач, ноилож тақдирнинг ёзиғи шу эканини англади. Бироқ умиди батамом сўниб, ўлдириб юборишади, деб сира ҳам ўйламасди. Ахир, уни кимсан – Америка президенти кутаётган эди-да!..

Рақиби кўп муфтий

XX аср бошларида Туркистонда кеч­ган жадидчилик ҳаракатини Беҳбудий ҳазратларисиз тасаввур қилиш қийин. У жадидча мактаблар очиб, ўзи дарс­лик ёзган буюк мураббий, матбуотимиз ва адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшган, ўзбек драматургиясига асос солган адиб, исломий эътиқодли уламо бўлган. Ўша дамларда Маҳмудхўжа Беҳбудий Самарқанднинг муфтийси бўлиб ҳам фаолият кўрсатган эди.

Ана шундай уламонинг, табиийки, рақиблари кўп бўлиб, улар фақат рус мустамлакачиларигина эмас, жоҳил ва мутаассиб уламолар ҳам эди. Мутаассиблар муфтий Маҳ­мудхўжани ўзларига рақиб деб билар, ҳар қандай янгиликка қарши эди. Улар ҳатто 1914 йилнинг 3 январь куни Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида жума кунги намозда ваъз ўқиб, аҳли муслимга: «Усули жадидчиларнинг ва русча ўқитмоққа ташвиқ қилатурғон­ларнинг кофирлиги ва ҳар ким боласи­ни усули жадид мактабига берса, ўзи кофир, хотини талоқ» бўлиши ҳақида фатво беради. Табиийки, бу хуро­фот тезда «миш-миш» шаклида бутун Туркистон бўйлаб «бола»лади. Беҳбу­дий куюниб, мутаассибларга жавоб сифатида «Ойина» журналининг 1914 йил 12-сонида «Фавқулодда такфир» номли мақоласини чоп эттирди.

Авомга жадидчилик моҳиятини тушунтираётган бир пайтда хурофотчиларнинг бу қилиқлари ортиқча эди. Беҳбудий ана шундай қийин вазиятда ўлкамизда жадид мактаблари, нашри­ёт, кутубхона, газета ва журналлар очишни йўлга қўя олган, рақиблари кўп уламо эди.

Муросасиз кураш

Гарчи Саййид Олимхон Петербург­да ўқиб, Россия ва дунёда кечаётган сиёсий бўҳронлардан хабардор бўл­са-да, 1910 йил тахтга ўтиргач, аркони давлат ишларини бойликка муккасидан кетган амалдорлар ва мутаассиб руҳо­нийлар ихтиёрига бериб, ўзи кўпинча ҳаётини маишатбозлик билан ўтказди.

Беҳбудий Шарқда ҳамон довруғи баланд Бухорои шарифдаги мутаассибона бошқарув услуби, тараққиётдан орқада қолиб, ўлкада яна жоҳилият замонининг қайтадан бошланиши­дан хавфсирарди. Айниқса, «Ёш бухороликлар»дек тараққийпарвар куч атрофидаги кишиларнинг амир томонидан зиндонга ташланиши, қатл этилиши Беҳбудийни қаттиқ қайғуга соларди.

Беҳбудийнинг «Ёш бухороликлар» билан алоқаси борлигини яхши билган Саййид Олимхон уни ўзининг ашаддий рақиби, деб биларди. Хусусан, Самарқанддаги қозихоналарда мирзалик, қозилик, муфтийлик қилган Беҳбудийнинг жадид мактаблари, театр труппалари очиш бўйича қилаётган ишлари нафақат Туркистон, балки Россиядаги матбуот нашрларида босилган мақолалари унинг номи­ни бу пайтда анча машҳур қилганди. Арабистон, Миср, Туркия сингари Шарқ давлатларини кезган Беҳбудий ғоят обрў-эътиборли киши саналарди. Ҳатто 1907 йили Самарқандга келган жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоил Ғаспиралининг Беҳбудийни­кида меҳмон бўлгани унинг номини янада машҳур қилиб юборди. Булар­нинг бари Саййид Олимхонга яхши маълум бўлиб, ана шундай обрўли зотнинг «Ёш бухороликлар»ни қўл­лаб-қувватлаётгани амирга ёқмасди. Айниқса, сиёсий воқеалар «қозони» қайнаган 1917 йилга келиб, ҳатто русияликларнинг ҳам у билан муро­сага бораётгани амирнинг ғашини келтирди.

Бу вақтда Самарқанд Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли вилоят бўлиб, сиёсий уйғониш авж ол­ган вазиятда Беҳбудий жамоат арбоби сифатида ҳам машҳур кишига айлан­ди. Мустамлака амирлик ҳукмдори Олимхон шундай вазиятда бир гуруҳ туркистонликларни Бухорода қабул қилди. 1917 йилнинг апрелида бўл­ган учрашувда Беҳбудий ҳам иштирок этган. Қизиғи шундаки, расмий қабул маросимида амир Олимхон ҳатто гуруҳдаги барча туркистонликлар билан қўл бериб сўрашади, аммо Беҳбудийга қўл бермай, эътиборсизлик кўрсатади. Бу ҳолатнинг сабаби ҳам Беҳбудий «Ёш бухороликлар» билан маслакдошлигида эди.

Айнан Бухорода бўлиб, амирнинг қабул маросимида ўзини тутиши, амал­дорларнинг мутаассибона қарашла­рини, умуман, амирликдаги вазиятни ўрганган Беҳбудий «Ҳуррият» газета­сининг 1917 йил 1 май сонида «Бухоро воқеалари ва дафъи туҳмат» сарлавҳа­ли мақоласини чоп эттирди. Ушбу мақолада сиёсий уйғониш замони кел­ган бўлса-да, амирнинг ҳамон Русия мустамлакачилари, хусусан, Бухорода­ги элчихона бошлиғи Миллер таъсиридан чиқолмаётгани, «семизлигидан заҳмат чекаётган «амир»нинг мутаас­сиб диндор ва амалдорлар қуршовида қолиб кетаётганлиги»ни ёзганди.

Беҳбудийнинг Бухородаги вази­ят ҳақидаги мақоласидан сўнг амир айғоқчиларини унинг изига тушиб, Маҳмудхўжага жазо бериш йўлини излай бошлади. Ҳатто бухоролик қадимчилар амир билан келишган ҳолда Беҳбудийга им­зосиз хат ёзиб, уни қўрқитиб қўймоқчи бўлдилар.

Беҳбудий бу ҳақда яна «Ҳурри­ят» газетасининг 1917 йил 16 июнь сонида мақола ёзиб чиқади. «Такрор қайтараман, ким мани қўрқутарман, деб беҳуда заҳмат чекмасун. Ўшал исмсиз мактубнинг таклифига мувофиқ, жавобимизни мана газетада ёздук ва энди мактуб эгасининг бизга юборатурган ўлумига мунтазирмиз. Ҳар ҳолда ўлум бирдур, икки эмас!».

Беҳбудийнинг бу мақоласи амир­нинг айбини очиб, яна унинг ғазабини келтирди. Натижада Олимхон Беҳбудий­ни ўлим билан қўрқитмоқ эмас, балки ўлдирмоқ керак, деган фикрга келди.

 Мухолифатчилар йўлга чиқди

1917 йилнинг октябрида Петер­бургда бўлган давлат тўнтаришидан сўнг ҳокимият тепасига келган боль­шевиклар сиёсати мустамлакачилик тўнининг ўзгариши эди, холос. Таби­ийки, Туркистонда кечган бу жараёнга «босмачилик» деб хато номланган истиқлолчилик – совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракати кўп йиллар қаршилик кўрсатиб, озодлик учун ку­раш олиб борди.

Бу ҳаракатнинг 1918-1919 йиллар­даги дастлабки босқичини кузатган Беҳбудий энг мақбул йўл хорижга бориб, большевикларга қарши кайфиятдаги давлат раҳбарларидан ёрдам олиш, кучни бирлаштириш ва қақшатқич зарба бериш, деб билди. Шу ниятда 1919 йил 25 март куни маслак­дошлари Мардонқул Шомуҳаммад, Муҳаммадқул Ўринбой ва бир турк билан Самарқанддан махфий равишда чиқиб кетди.

Бу вақтда тошкентлик Садриддин­хон, Нуриддинбек ва Саидносир Миржалоловлар Туркияга, Мустафо Чўқаев эса Европага йўл олган, Шерали Лапин ҳам Европа давлатлари раҳбарларига хат билан мурожаат қилганди. Улар Қўқонда тузилган Туркистон мухтория­ти раҳбарлари бўлиб, большевиклар ва арман дашноқлари томонидан мухтори­ят қонга ботирилгач, хорижий дав­латлардан мадад кутиб, йўлга чиққан большевикларнинг мухолифлари эди. Муфтий Беҳбудий ҳазратлари эса АҚШ президенти билан учрашишни ният қилиб сафарга отланди.

Бу пайтда биринчи жаҳон уруши тугаб, ғолиб бўлган Антанта давлатлари Парижда Версал конференциясини ўтказаётган эди. Большевиклардек мустамлакачи очофатларнинг дунёга гегемонлик қилишини кўплаб хориж давлатлари, хусусан, биринчи галда АҚШ истамасди. Туркистон мухтория­ти раҳбарлари эса АҚШ президентига мактуб йўллабгина қолмай, ундан жавоб хати ҳам олгандилар...

АҚШ президенти муфтийни кутганми?

Ўша вақтдаги АҚШнинг 28-пре­зиденти Томас Вудро Вильсон (1856- 1924) большевикларга қарши кураш ташаббускори бўлиб, қад тиклаётган «рус айиғи»ни «бешиги»даёқ бўғиш ниятида эди. У АҚШ президенти сифатида эмас, Нобел мукофоти совриндори сифатида ҳам дунёда обрўси баланд бўлиб, большевикларга қарши кураш­чилар билан музокарага тайёр эди. Вильсон 1919 йил 18 январда Парижда бошланган тинчлик конференциясида большевикларга қарши курашаётган барча мухолифатчиларга махсус хат йўллаб, уларни «Шаҳзода ороллари»га таклиф этганди. Олти оролдан иборат мазкур сўлим маскан Истанбулнинг ёнгинасида бўлиб, Ғарб давлатлари раҳбарларининг бу ерга денгиз йўли билан етиб келиши кутилаётганди.

Вильсон мухолифатчилар билан кучларни бирлаштириб, большевикларга зарба бериш ва тугатишни Париж тинчлик конференцияси кун тартибидаги долзарб масалалардан бири этиб қўйганди. Шу боис, бу масалани Истанбул яқинидаги оролда бевосита мухолифатчилар билан муҳокама қилиш, вазиятни батафсил таҳлил қилишга тайёр эди.

АҚШ президенти билан эса теран мулоҳазали, вазиятни беш қўлдай биладиган туркистонлик большевиклар мухолифатчиси музокара олиб бориши керак эди. Бундай инсон эса ўша вақтда Беҳбудий бўлиб, у Бокуга, ундан Истанбулга ўтиб, «Шаҳзода ороллари»га етиб бориши ва биринчи жаҳон урушида ғолиб бўлган давлат раҳбарлари билан большевизмга қарши кураш бўйича музокарани бошлаши керак эди.

 Муфтийни ким қўлга туширди?

Бу пайтга келиб, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигидан ташқари, Ўрта Осиёнинг катта қисмини забт этган большевиклар, хусусан, уларнинг айғоқчилик маҳкамаси (ВЧК) кенг тармоқ отиб улгурганди. ВЧК аксилайғоқчилик тармоғи орқали Версал конференциясида большевикларга қарши кураш масаласи муҳокама этилишидан, унда большевикларнинг ичкаридаги мухолифатчилари иштирок этишидан бохабар бўлганди. Шундай экан, қайсидир мухолиф киши ёки гуруҳнинг четга чиқиши қандайдир йўллар билан Версал конференциясига боришидан дарак берарди. Ўша вақтда Туркистон ичида «босмачилар»дан ташқари бош мухолифат лидери, табиийки, муфтий Беҳбудий бўлиб, унинг 1919 йил февралида Тошкентга келиб, вазият билан танишиб кетгани ҳам ВЧКга маълум бўлган.

Кўп ўтмай, Самарқандга қайтиб келган Беҳбудийнинг у ерда туркиялик Наим афанди билан учрашгани ҳақидаги хабар тезда уларга етиб боради. Бундай вазиятда эса кузатув остидаги Беҳбудий уйида кўринмай қолди. Шунинг ўзиёқ ён-атрофдан муфтийнинг дарагини излаш ишлари олиб борилишига сабаб бўлди. Тошкентдаги большевиклар ВЧКсига Русиянинг Бухородаги элчихонаси ходими Уткин Беҳбудийнинг Бухорога келганини кўрган одамлар борлиги ҳақида хабар беради. Муфтийнинг яна бир мухолифи амир Саййид Олимхондан уни тутишда фойдаланиш маъқуллиги эса тезда энг мақбул вариант сифатида танланади.

Бундан олдинроқ большевиклар Беҳбудийнинг амир билан рақиблигини билиб, муфтийдан Олимхонни қулатишда фойдаланишни ҳам ўйлагандилар. Бироқ Беҳбудийнинг нафақат амир билан, балки большевиклар билан ҳам муросага боролмаслиги аён бўлганди. Шундай экан, уни амир қўли билан гумдон қилиш энг осон йўл эди. Беҳбудийнинг Самарқанддан пинҳона чет элга чиққанидан огоҳ бўлгач, бундан қулай пайт сифатида фойдаландилар. Яъни, олдинига чор охранкаси, эндиликда эса ВЧК айғоқчиси бўлган Уткин Бухородаги қизил Русия элчихонаси ходими сифатида амир билан тезда боғланиб, Беҳбудийнинг Бухорога келиб, «ёш бухороликлар» билан учрашгани, бу ердан Олимхонга қарши куч тўпламоқ мақсадида хорижга кетаётганини шипшитган. Бу эса Беҳбудийни шундоғам жини суймайдиган амир учун қулай имконият бўлди. Боз устига, муфтий амирлик ҳудудида экан, шу тарзда большевиклар амир қўли билан Беҳбудийнинг изига тушди.

Оқибатда 1919 йил апрелида Шаҳрисабзга етиб борган Беҳбудий ва унинг уч ҳамроҳи амир буйруғига кўра қамоққа олинади.

Зиндондаги раҳмдил жаллод

Муфтийнинг ҳамроҳи бўлмиш Наим афандини Қарши шаҳри беги “Туркия билан муносабатларни ёмонлаштирмай”, дея қўйиб юборади. Беҳбудий, Мардонқул ва Муҳаммадқуллар эса Қарши шаҳрига олиб келиниб, зиндонда қийноқ ва азобларга солинади. Обрў-эътиборли муфтийнинг қийноққа солинишидан, ҳатто бекнинг жаллоди Аҳмад ваҳимага тушиб, Тоғайбекдан муфтийни озод қилишни ўтиниб сўрайди. Бекдан буни илтимос қилишининг сабаби, улар муфтийни зиндонбанд қилганларида, Беҳбудий уларга махфий сафарларини яшириб, ҳажга кетаётибмиз, деб айтган эди. Шу йўл билан у мусулмон бек ва жаллодларнинг қўлидан озод бўлишни ўйлаганди.

Аммо Тоғайбек муфтийга қарата: «Сизлар жадид ва кофирдирсиз, Бухорога, жаноби олийга тиғ тортган сизнинг маслакдошингиз эмасмилар эди? Сизларни ўлдурмоқ керак. Сизлар қутулмоқ учун Байтуллоҳга бормоқни баҳона этиб кўрсатасиз», дейди. Ҳатто муфтийнинг тарафини олган жаллод Аҳмадни ҳам калтаклатиб, сўнг ўлимга ҳукм қилади. Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларини эса «Наука и просвещение» журналининг 1922 йил 1-сонидаги ҳожи Муиннинг мақоласидаги фикрларга кўра, «ўзлари учун қабр қазишга мажбур этадилар ва шу қабр ёнида уларни бўғизлаб, шу ерга кўмадилар».

Шу тариқа 1919 йил июнь ойининг бошларида Қарши шаҳрида буюк маърифатпарвар муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий 44 ёшида фожиали қатл қилинди.

Умид Бекмуҳаммад.