Беҳбудий Туркистон парламенти тузишнинг ташкилотчиларидан бўлган эди
1917 йил февралда оқпошшо Николай Романов тахтдан туширилди. Муваққат ҳукумат тузилиб, Россия сиёсатчиларини бирлаштирган партиялар ҳокимият учун курашга киришдилар. Бу тарихий лаҳзаларни Туркистон жадидлари ҳуррият насимлари сифатида қабул қилдилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам енг шимариб, ишга киришди. “Худойи таоло бизга ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийимиз учун ҳаракат ва сайъ этмоқға йўл очиқдур” (Муҳтарам Самарқандийларға холисона арз // «Ҳуррият» газетаси, 1917 йил 13 май).
Лекин бу ҳуррият неъматидан унумли фойдаланиш зарурлигини, “қадима иғво ва фасодни” унутиб, бирлашиб ҳаракат қилмоқ лозимлигини мунтазам даъват этиб турди. Муваққат ҳукумат даврида вақтинчалик ҳурриятга эришган халқни пароканда қилишга бўлган фитналар ва унинг келажакдаги фожиаларидан огоҳ этиб юқорида таъкидланган, шунингдек “Иттифоқ керак”, “Баёни ҳақиқат”, “Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат” каби мақолаларини ёзди, сиёсий ишларда иштирок этиб, барчани бирлашишга чорлади.
1917 йил ёзида (октябр тўнтаришигача ҳали беш ойча вақт бор) Россия ўз муаммолари билан овора бўлиб турган даврда Беҳбудий Туркистон халқлари келажагини ўйлаб янги таклиф билан чиқади: «Биз истаймизки, бутун Руссия мусулмонлари мухторият (федерация) усули юзасидан тирикчилик қилсунлар... Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда... Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлиси мушоваратимиз (парламентаризм) бўлсун» (Баёни ҳақиқат. «Улуғ Туркистон» газетаси, 1917 йил 12 июнь.)
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳуқуқлари тенг фуқароли мамлакатнинг қонун чиқарувчи парламенти ва ундаги аъзолар сонидан бошлаб, маҳаллий ва номаҳаллий аъзолар саноғигача ўз фикрига эга эди. Парламентдаги ўринларни ҳар бир миллатнинг сонидан келиб чиқиб тақсимлайди. Табиийки, туркистонли бўлмаганлар жуда оз жойни олишарди. Уларнинг орасида, албатта, руслар ҳам бор эди: «Самарқанд шаҳрининг рус ва мусулмон халқидан 60 нафар киши сайланиб балада (шаҳар – Ҳ.С.) идорасиға иш қиладилар ва ул нафарлар, албатта, халқнинг нуфус ва ададиға қараб бўлинур. Масалан, нуфусға тақсим қилганда мазкур ададларни 15 нафари руслардин, бир неча нафари яҳудийлар бўлур. Сабаби шулким, биз кўбдурмиз. Замони ҳозира ва адолат шуни талаб қилур»(«Иттифоқ керак»// «Ҳуррият» газетаси 1917 йил, 3 июнь).
Бу таклифга биринчи бўлиб чоризмдан қолган «буржуйлар» эмас, «морозовчилар», бўлғуси большевиклар қарши чиқадилар. Улар Беҳбудийнинг адолатли ҳисоб-китобидан хато топа олмайдилар. Бироқ унинг таклифларини «шошқалоқларча» берилган дея эътироз билдирадилар. Шунингдек, ўзларининг ҳар жиҳатдан устунликларини кўрсатиб, шундай хулоса ясайдилар: «Мусулмонлар ўзларини бошқаришда ҳали руслардан кўп ўрганишлари керак. Думада ишбилармон, уддабурон, меҳнатсевар кишилар ўтирса, унда турли жамият ва сиёсий гуруҳ талабларини ёқлайдиган кишилар бўлса, шаҳарда ишлар яхши кетади. Бундай гуруҳлар русларда кўп бўлади, мусулмонларда эса бўлмайди... Фикримизча, агар мусулмонлар ва маҳаллий яҳудийлар сайловчиларнинг ярмини юбориб, иккинчи қисмини маҳаллий бўлмаганларга қўйиб беришса иш равнақи учун фойда ва ҳаққонийлик бузилмаган бўлади» (Қаранг: Самарканд 27 июня // газета «Самаркандъ», 30 июня 1917 г.).
«Морозовчилар»нинг фикрича, мусулмонлар шу замин учун бегона бўлганларга думадаги 50 фоиз жойни ажратиб беришлари керак, акс ҳолда... Мана сизга «чор Россиясининг кирдикорларини, маҳаллий амалдорларнинг халққа нисбатан адолатсизликларини аёвсиз фош қилган» «демократ»ларнинг шовинистларча чиқарган «адолатли» хулосалари.
“...1917 йилнинг 26-29 ноябрида Қўқон шаҳрида Туркистон ўлка мусулмонлари қурултойи чақирилди. Қурултой ўтказиш учун бошланган жой тасодифий эмасди. Бундан анча илгари, 1917 йил март ойида Тошкентда Туркистон мусулмонлари қурултойи ўтказилиб, Туркистон мусулмонлари шўроси миллий марказини сайлаган эди. Унга Ўрта Осиёнинг ҳамма минтақаларидан вакиллар кирганди. Ўша пайтда Туркистон ўлкасининг кўзга кўринган сиёсий арбоблари — Маҳмуд Беҳбудий, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Носирхон Тўра, Муҳаммад Тинишбоев, Ўроз Сардорлар миллий марказда эдилар. Аммо Тошкентда русларнинг нуфузи кучли бўлганлиги, бу ерда қудратли гарнизон жойлашгани учун миллий марказнинг кенг сиёсий иш олиб бориши қийин бўлди. Қўқонда эса, асосан ўзбеклар ва бошқа маҳаллий миллат вакиллари яшаб, миллий анъаналар, ислом қадриятлари руҳи кучли эди”(Иброҳим Карим. Мадаминбек. Т.:“Ёзувчи”, 1993).
Юқоридаги парчадан Беҳбудий миллий марказнинг асосида турганлиги, большевикларнинг қаршилигига қарамай Қўқон мухториятини ёқлаганлиги англашилади.
Беҳбудийнинг ўзига мурожаат қиламиз: “3-съезд ноябр ойида Тошкентда яна “Уламо жамияти” тарафидан барпо бўлди. Бу большевик ҳаракати қўзғолғони эди. Самарқанд ва ҳукумати Туркистон Хўқандда қизғин музокаралар бўлиб, охири каминанинг таклифим ила дума шу қарорни чиқариб «Уламо жамияти»га боратурғон вакилларга ушбу қарорни берди:
“Туркистон ҳукумати большевиклар қўлинда бўлмай, балки халойиқ қўлинда бўлсун. Баъзи мусулмон ва руслардан ҳам солдат-ишчилардан ўттиз нафар, яҳудий ва арманидан икки нафар, жамиъ 32 нафар киши Туркистондан сайланиб, Туркистон ҳукуматини идора қилсун ва қонунлар чиқармоққа ҳақли бўлсун” (“Ҳуррият” газетаси, 1917 йил, 19 декабр).
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонни бошқариш бўйича кутилмаган ғояни илгари суради. Маълумки, у муфтилик, қозилик вазифаларида ишлаган, демак, шариат илмининг билимдони бўлган. Ана шу диндор инсон ўзи орзу қилган озод юртда парламент – Миллат мажлисини ташкил этиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги инобатга олинган қонунлар тузиш ниятини билдирган. Озодликка бўлган интилишини, уни кутганлигини «Туркистон мухторияти» сарлавҳали мақоласидаги биргина кўчирмадан билиб олишимиз мумкин: «27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон мухторияти Умумий мусулмон съездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсун! Камина ҳам мажлисда бўлиш учун ифтихор этаман. Яшасун, Туркистон мухторияти!»(«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 19 декабр).
Беҳбудий халқ сайлаган вакиллар томонидан эълон қилинган мухторият бошқалар томонидан тан олинади, бутун миллат ҳимояланса қон тўкилмайди, дея ишонган эди. Бу фикрга бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қилди.
“...Шундоқ билмоқ керакки, бутун Туркистон халқи иттифоқ этса, қон тўкилмас. Ер ва амлок ҳам тақсим бўлмай қолур. Дин ҳам ривож топур. Минг карра доду бедодлик ихтилоф этмоқ учун иттифоқ этганмиз ва ихтилофимиз сабаби ила бадбахтлиқға дучор бўлурмиз. Бутун Туркистон иттифоқ этса, 15 милийунлик бир қувват уммонға келурки, шунга ер титрайдур. Агар сўзумни фаҳмлатолган бўлсам ўзимни бахтли ҳисоблардим” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Туркистон мухторияти//“Ҳуррият” газетаси, 1917 йил, 22 декабр).
Афсуски, 1918 йилнинг февралида Туркистон мухториятини қонхўр большевиклар топтаб ташладилар...
Беҳбудий Қўқондаги воқеаларни эшитиб, тушкунликка тушса-да, миллат манфаати йўлида тинмай куйинганини мақолалари ва расмий вазифалардаги фаоллиги орқали яхши биламиз. Унинг умид билан ишлаши 1919 йил мартигача давом этди. Март ойида эса... Туркистондаги аҳволни “тартибга солиш” учун большевиклар ҳукумати Фрунзе қўмондонлигида Туркистон фронтини ташкил қилади. Халқ бой ва камбағалларга ажратилади. “Босмачи” ёрлиғи ишга тушади. Ташвиқот ишлари ҳам кенг йўлга қўйилади. Зукко Беҳбудий ҳаммасини тушуниб етганди...
У худосиз жамият қуришни мақсад қилган, бегуноҳларнинг қонини аёвсиз тўккан, аҳоли мулкини тортиб олган “болшавойлар” ҳукмидан халқини озод қилиш йўлидаги навбатдаги ҳаракати вақтида фитна қурбони бўлди. Бу ҳақда матбуотда кўп чиқишлар бўлди, лекин унинг ўлими тафсилоти ва қабри ноаниқлигича қолмоқда.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)