Берунийнинг ақл машъали олтин конларимизни ёритяпти ёки республика ОАВ ходимлари нега Навоийда тўпланди?

Абу Райҳон Берунийнинг "Минералогия" китоби Навоий кон-металлургия комбинати ҳомийлигида биринчи марта ўзбек тилида чоп этилган. Унда қайд этилишича, олтин Аллоҳнинг бандаларига берилган неъмат. У агар яхши мақсадларда сарфланса тугамайди. Ножоиз ёки нотўғри фойдаланилса, конда тупроқ остидаги қимматбаҳо тош ғойиб бўлиши мумкин.

Айни шу маълумотга асосланиб Ўзбекистон олтини ҳали узоқ йиллар қазиб олиниши кутиляпти. Чунки, аввало, нодир неъматни ковлаб олаётган, уни истеъмолга чиқаришда хизмат қилаётганлар учун замонавий шароитлар яратилмоқда.

Энг муҳими, яқин йилларгача олтин қанча қазиб олинаётгани ва ундан давлат бюджети қанча даромад қилаётгани жамоатчиликка ошкор этиб келинмоқда.

Бу каби маълумотлар бугун Навоий шаҳрида ўз ишини бошлаган “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида республика медиафорумида айтилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган форум доирасида, шунингдек, Навоий вилоятидаги босма ОАВларини ижодий қўллаб-қувватлаш тадбирлар ўтказилди.

Қайд этилганидек, айни мазкур ижодий жамоалар бугун бирмунча қийин вазиятга дуч келмоқда. Хусусан, таҳририятларда катта ёшли журналистлар фаолият олиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, Навоий вилоятидаги босма ОАВларга "Yurida" дастурий тизими тақдим қилинди.

- Дастур кириллча матнни лотинчага ёки аксинча функцияни бажариши билан муҳим аҳамиятга эга, - деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олим Ўсаров. - Бундан ташқари, дастур имловий хато билан ёзилган сўзларни ва ғализ ёки нотўғри тузилган жумла ва гапларни кўрсатиб беради. Муҳими, хатони тўғрилаш учун бир нечта вариантлар таклиф қилади. Бунинг учун дастурда 1 млрд. 799 миллионта сўз шакллари жамланган.

Таъкидланишича, "Yurida"да шунингдек, турли мақолаларнинг электрон варианти билан танишиб бориш мумкин.