Бешта туманда такрорий экинга картошка экилади

Вилоят ҳокими Э.Турдимов Жомбой туманида ғалладан бўшайдиган майдонларда картошка экиш бўйича режалаштирилган лойиҳалар, белгиланган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Ушбу тақдимотда Жомйбой туманидан ташқари Булунғур, Тойлоқ, Ургут ва Оқдарё туманлари вакиллари ҳам иштирок этди.

Картошка экилиши режалаштирилган майдонларни фермерлар, контурлар кесимида жойлаштириш, ҳудудларда уруғлик захираси нави ва ҳосилдорлиги муҳокама қилиниб, ҳар гектар экин майдонидан юқори ҳосил олишга асосий эътибор қаратилди.

Биргина Тойлоқ туманида 478 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 997 та контурдаги ғалладан 1841 гектар ер майдони бўшайди ва мавжуд уруғлик захираси 6443 тоннани ташкил этади.

Тақдимотда вилоят ҳокими картошка етиштиришда ҳар бир жиҳатга эътибор қаратишни таъкидлаб, қайси фермер хўжалиги элита уруғлик етиштиришга ихтисослашганини, хўжаликларга қанча ишчи жалб қилинишини аниқлаш, уларнинг иш ҳақи, зарурий кредитлар ажратиш, уруғлик картошканинг нави каби масалалар ҳам муҳокама этилди.

- Бу юмушлар кўп ишчи кучи талаб этади, кўп қўшимча қиймат яратилади. Шунинг учун ҳар бир жараённи пухта режалаштириш талаб этилади, - деди Э.Турдимов. – Юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот етиштириб, бозорни тўлдириш, экспорт қилиш лозим. Чунки бу йил хориж бозорида кийим-кечакдан кўра, озиқ-овқатга талаб юқори бўлади.

Тақдимотда фермер хўжаликларини тақсимлаш, уруғлик захиралари, шунингдек, картошка маҳсулдорлиги ва навларини танлаш ҳам муҳокама қилинди. Тақдимот сўнггида тез орада жойларда фермер хўжаликлари билан учрашилиб, картошка экиш бўйича лойиҳалар батафсил кўриб чиқиладиган бўлди.