Бинолар имтиҳон ўтказилиши учун шай ҳолатга келтирилди

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга кириш имтиҳонлари жараёнига қизғин ҳозирлик кўрилди.

Жумладан, Самарқанд вилоятида имтиҳон жараёнини ўтказиш учун 5 та бино шай ҳолатга келтирилган. 2025-2026 ўқув йили учун вилоятда 25 минг нафарга яқин ўқувчи ҳужжат топширган. Уларнинг 5 минг нафарга яқини Президент мактабига кириш истагида.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга 2025/2026 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 1 июндан – 20 июнга қадар онлайн шаклда my.gov.uz ва ariza.piima.uz платформалари орқали амалга оширилди.

Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчиларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари томонидан ҳужжатлар топшириш жараёнида уларга ихтиёрий равишда ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаблардан бирини қўшимча танлаш имкони берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига асосан Агентлик тизимидаги Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари барча шароитга эга катта сиғимли 61 та ёпиқ биноларда ўтказилиши белгиланган.

Мана шундай иссиқ кунларда ўқувчиларга ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида имтиҳон биноларида совутиш тизими ишга туширилган, ота-оналар учун соя-салқин жойларда кутиш жойлари, енгил овқатланиш шохобчалари ташкил этилган. Бу ўз навбатида ўқувчиларнинг хотиржам имтиҳон топширишини таъминлаб, ота-оналарнинг салқин жойларда туриб test2025.uz сайти орқали фарзандларини имтиҳон жараёнларида онлайн кузатиб туриш имконини беради.

Ўқувчиларнинг ҳар бири қалам, ручка, ўчирғич ва ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, имтиҳон учун барча қулай шароитлар яратилган.

Шунингдек, кириш имтиҳонларига Миллий гвардия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳам жалб қилинган бўлиб, жамоат тартибини сақлаш, иштирокчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ ҳолатларда беминнат ёрдам бермоқда.

Агентлик тизимидаги мактабларга кириш имтиҳонлари 12 июль кунига қадар давом этиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида бугунги кунда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 2 та спорт мактаби ҳамда 185 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолият кўрсатяпти. Жорий йил ҳудудларда яна 17 та янги ихтисослаштирилган мактабларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг бири Булунғур туманида ташкил этилди.

Жаҳонгир ИСМОИЛОВ,

Агентликнинг Президент мактаблари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси.